Название | Ҳаёт қайиғи (2 китоб) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-896-8 |
– Ниҳоятда сурбет экан. “Улар менга пул беришлари керак эди, кечгача бўлса ҳам кутаман”, деяпти. Ҳақини ундирмагунча кетмас эмиш. Ҳали замон Донецкдан сайёҳ болалар келиб қолишлари керак, мен уларни қаерга жойлаштираман? Шу тавиянинг ёнигами? Бошлиғим билиб қолса, мен жавобгарманми? Ишдан ҳайдаб юбормайди, у ўзимнинг шогирдим. Лекин кечаси ғафлатда қолганим учун ўзим исноддан ёниб кетаман.
Опа шундай деб чуқур “уф” тортди. У милиция чақириб, бу жувонни шармандали равишда ҳайдаб чиқаришни истарди. Лекин, ўзи айтгандай, “ўзбекистонликлар шундай қилишибди”, деган истиҳоладан алам чекарди. Энди гаплар қовушмай қолди. Мен ҳам хизматга боришим лозим эди. Ўрнашган жойимга бора туриб, қўшни хонанинг очиқ деразаси токчасида омонат ўтирган жувонга кўзим тушди. Индамай ўтиб кетмоқчи эдим, ўттиз ёшлардаги чиройли бу жувон “Ўртоқ, сизни бир дақиқага мумкинми?” деб чақирди. “Бунга мен қанақасига “ўртоқ” эканман”, деган ғашлик билан ўтиб кетмоқчи эдим, бу сафар ялиниш оҳангида “Илтимос, биттагина гапим бор”, дегач, у томон яқинлашдим.
Донишманд: “Одамзод танасида олти аъзо борким, уларнинг учтаси ўзига бўйинсунмайди, учтаси эса ўзининг ҳукмида. Кўз, қулоқ, бурун одамга бўйинсунмайди. Кўргиси келмаган нарсасини кўришга, эшитгиси келмаган гаплар ёки товушларни тинглашга, хуш ёқмайдиган исларни ҳидлашга мажбур бўлади. Оёқ, қўл, тил эса одамнинг ҳукмида. Тил билан илоҳий каломларни, ширин сўзларни айтиши ёки аксинча бунинг ўрнига тилини ғийбат, иғво, ярамас гаплар билан банд этмоғи мумкин. Қўллари билан гўзал буюмлар яратиши ёки гўзаллик обидаларини қўпориши ёинки шу қўл билан эҳсон, ҳадя бериши, ёки ўзгалар мулкини ўзлаштириб олиши ўз ихтиёрида. Оёқлари эса, истаса – уни ибодатга, истамаса – фоҳишахонага олиб бормоғи мумкин”, деган экан. Бу каби ҳикматларни билмайдиган йигит мусофирликда фоҳишага рўпара келса нима қилиши керак?
“Илтимос, сиз мени фоҳиша деб ўйламанг, мен бу шаҳарга хизмат сафарига келган эдим. Пулимни ўғирлатиб қўйгандим, кеча меҳмонхонадан қувиб чиқаришди”, – деб гап бошлаб, ҳамшаҳарларим билан тасодифан кўчада учрашиб қолганини, улар пул ваъда қилишганини айтди. Ҳасрат дафтарини астойдил очгач, йўлкира учун пул сўради, “Уйга етиб олишим билан, пулингизни почта орқали қайтариб юбораман, мана турар жойим”, деб кичик бир парча қоғоз узатган пайтда опа “Ўғлим, бу ёққа кел”, деб чақирди. Бордим.
– Нима деб авраяпти?
– Фоҳиша эмас экан, – деб унинг ҳасратини бир-бир айта бошлаган эдим, опа гапимни шарт узди:
– Пешонасига шунақа деб ёзибдими? Ўқидингми? – деди опа жеркиш оҳангида. Назаримда у менинг соддалигимдан ғашланди чоғи. – Буларнинг ҳаммаси шунақа товламачи бўлади. Пул сўрадими?
– Ҳа, Москвага етиб олиши керак экан, – шундай деб манзил ёзилган қоғоз парчасини узатдим. Опа ёзувга кўз ташлаб, бош чайқади:
– Москва области, Одинцово шаҳри, Коммунистлар кўчаси, 12-уй, 48-хонадон. Коммунистлар кўчаси Ростовда