Название | Алиф |
---|---|
Автор произведения | Пауло Коэльо |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-166-5 |
Яқин вақтларда нечта мамлакатга боришим кераклигини билиш учун араб ноширим билан суҳбатни бўламан.
– Менга қара, мени аҳмоқона ҳолатга тушириб қўйяпсан, – безовталик билан шипшитади Моника португалчада.
– Хўш, нечта экан?
– Беш ҳафтада олтита мамлакат. Умуман, бу ярмаркалар ноширлар учун ўтказилмоқда, ёзувчилар учун эмас. Ҳамма таклифни қабул қилишинг шартмас. Ахир мен…
Моника гапини тугатмай олдимизга португалиялик ношир келади ва бизнинг суҳбатимиз узилади. Салом-аликдан сўнг ундан сўрайман:
– Мабодо мени Португалияга таклиф қилмоқчи эмасмисиз?
У Моника билан суҳбатимиз қулоғига тасодифан чалиниб қолганини тан олади.
– Ростдан ҳам. Гимараиш ва Фатимда дастхат-сессиялар ташкил қилинса ажойиб иш бўларди.
– Агар охирги лаҳзада фикрингиз ўзгариб қолмаса…
– Фикрим ўзгармайди. Ваъда бераман.
Биз муддатларни келишиб оламиз ва Моника кундалигига ёзиб қўяди: Португалия, яна беш кун. Ниҳоят, рус ноширлар кўриниш беради. Моника енгил нафас олади ва мени тезроқ ресторанга судрайди.
Такси кутаётганимизда мени четга тортади.
– Ақлдан оздингми?
– Ҳа, бунга анча йил бўлган. Сен хитой бамбуки ҳақида эшитганмисан? У беш йилгача кичиккина поя бўйича тураверади. Бу муддатда унинг фақат илдизлари ўсади. Вақти келганда эса бирданига тезлик билан кўкка бўй чўзади ва йигирма беш метрга етади.
– Хўш, хитой бамбуки ва сенинг ақлга сиғмайдиган хатти-ҳаракатинг ўртасида қандай алоқа бор экан?
– Кейинроқ сенга бир ой аввал Ж. билан бўлган суҳбатимизни гапириб бераман. Бамбукка келсак, бир нарсани айтишим мумкин: менда ҳам худди шундай бўлганди. Мен бор кучим ва вақтимни сарфлаб, меҳр ва фидойилик билан ўз устимда ишладим. Аммо бундан ҳеч нарса чиқмади. Узоқ йиллар давомида шундай бўлиб келди.
– Ҳеч нарса чиқмади деганинг нимаси? Ким бўлганингни унутдингми?
Такси келади. Россиялик ношир Моникага эшикни очиб беради.
– Мен руҳий ҳаёт ҳақида гапиряпман. Фикримча, мен ана шу бамбук поясидекман ва мана энди менинг бешинчи йилим келди. Ўсиш пайти келди. Сен “Ақлдан оздингми?” деб сўрадинг, мен жавобан ҳазил қилдим. Тўғрисини айтганда, ростдан ҳам ақлдан озгандим. Ҳатто шунча йил орттирилган билимларнинг бирортаси ҳам қалбимда илдиз отмаганига ишона бошлаган эдим.
Олдимизга болгариялик ношир аёллар келишган лаҳзада мен Ж. ни ёнимда тургандек ҳис қилдим