Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй

Читать онлайн.
Название Чол ва денгиз
Автор произведения Эрнест Миллер Хемингуэй
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-08-874-0



Скачать книгу

лат емаган жойига суриб олди ва яна оғирликни планширга таянган чап қўлига ўтказди. Борт оша энгашиб, учар балиқни денгизда чайиб олди. Бу орада қўли остида сувнинг қандай оқаётганига ҳам эътибор берди. У макрель пўстини шилганида, ялтираб қолган қўли атрофида сувнинг доира ясаб ўтишига маҳлиё бўлиб турди. Ҳозир у аввалгидан секинроқ оқарди. Чол кафтининг четини қайиқ зийига ишқаб туриб, қуйруқ тарафга оҳиста сузиб кетаётган фосфор зарраларини кўрди.

      – У ё толди, ё нафас ростлаяпти, – деди чол. – Тезроқ овқатланиб, озгина ухлаб олиш керак.

      У гўшт бўлакларидан бирининг ярмини ва юлдузлар ёруғида тозалаб қўйилган учар балиқлардан бирини еб олди. Овқатланар экан, чол тун ҳавоси борган сари совуқлашаётганини сеза бошлади.

      – Агар қовуриб ейилса борми, макрелдан кўра лаззатлироқ нарса йўқ, – деди у. – Аммо хомлигида нақадар бемаза бу. Денгизга баний тузсиз ва лимонсиз чиқмаганим бўлсин.

      «Менда калла деган нарса бўлганда, – деб ўйлади у, – кун бўйи қайиқ бурнига сув қуйиб, селгитиб турмасмидим, – кеч кирганда, қўлимда тузим бўларди. Айтмоқчи, макрелни кун ботиш олдидангина тутган эдим-а. Шундай бўлса ҳам мен жуда кўп нарсаларни назардан қочириб қўйибман. Қаранг-а, бутун бир бўлакни чайнаб бўлибман-ку, аммо кўнглимни айнитаётгани йўқ».

      Шарқ томонда осмон бети булутларга бурканмоқда эди ва таниш юлдузлар бирин-сирин ўча бошлади. У гўё булутлар дарасига кириб бораётгандай кўринар эди. Шамол тинди.

      – Уч ёки тўрт кундан кейин ҳаво айнийди, – деди у. – Аммо бу ҳали на бугун бўлади, на эртага. Балиқ ўзини осойишта тутаётган экан, мизғиб ол, қария.

      У чилвирни ўнг қўлига олди ва бор гавдаси билан бортга ёнбошлаган ҳолда, қўлини думғазаси билан босиб тушди. Кейин елкасидаги чилвирни сал қуйироққа силжитди ва уни чап қўли билан ушлаб олди.

      «Бармоқларим бўшашиб кетмагунча, ўнг қўлим чилвирни қўйиб юбормайди. Мабодо уйқуда бармоқлар чилвирни қўйиб юборса, унинг денгизга қараб силжишини чап қўлим сезади-да, мени уйғотади. Албатта ўнг қўлга осон бўлмайди. Аммо у қийинчиликка бардош беравериб, ўрганиб қолган. Жуда бўлмаганда йигирма дақиқа ёки ярим соат ухлаб олсам, шу ҳам катта гап».

      У бортга ёнбошлади, балиқнинг оғирлигини ўнг қўлига ўтказди ва ухлаб қолди.

      Бу сафар тушига арслонлар эмас, саккиз ёки ўн милга чўзилиб кетган денгиз чўчқаларининг ҳудудсиз тўдалари кириб чиқди. Ҳозир ҳирс фаслига кирганларидан, улар ҳавога баланд сакрашар, кейин ўзлари чиқиб келган сув ўйиғига шўнғишар эди.

      Кейин тушида кўрса қишлоқда ўз каравотида ётибди. Кулбасида шимолдан эсган шамол ғувиллар эмиш. Чол жуда совқотибди. Бошига ёстиқ ўрнига қўйган ўнг қўли бўлса, увушиб қолибди.

      Ва ниҳоят, унинг тушига чўзиқ зардобранг соҳил кирди ва ғира-ширада бу ерга чиққан биринчи арслонни кўрди, унинг кетидан бошқалари ҳам чиқиб келарди. Чол лангар ташлаб турган кеманинг бортига иягини тираб қарармиш, қирғоқдан эсган кечки шамол уни елпиб ўтармиш, ўзи бошқа арслонлар пайдо бўлмасмикин деб