Изқувар Пуаро. Агата Кристи

Читать онлайн.
Название Изқувар Пуаро
Автор произведения Агата Кристи
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-28-684-9



Скачать книгу

сўнгра қоқинди ва бутун гавдаси билан ағдарилиб тушди.

      У шу кўйи ерда юзтубан ётганича қайта ўрнидан турмади.

      Кутилмаганда Диана жазавали кула бошлади. Ғалати ва қўрқинчли қаҳ-қаҳа ўрмон тинчини бузди. Эллиот қаҳр-ғазаб билан олдинга интилди.

      – Мен бошқа чидолмайман! – бақирди у. – Тур, Дик. Турсанг-чи!

      Аммо Ричард Хейдон йиқилган жойида ётаверди. Эллиот югуриб келди-да, чўккалаб, эҳтиёткорлик билан Ричарднинг бошини тепага ўгирди ва юзига тикилди. Кейин бирдан сапчиб ўрнидан турди.

      – Доктор! Худо хайрингизни берсин, тезроқ келинг. Менимча, у ўлганга ўхшайди.

      Саймондс унинг ёнига югурди. Эллиот эса секин-секин биз томонга кела бошлади. Негадир унинг ҳаракатлари беўхшов эди.

      Гап нимадалигини тушуниб етган Диана энди бор овозда фарёд сола бошлади:

      – Мен уни ўлдирдим! Эй Худо! Бундай бўлишини хоҳламагандим-ку? Наҳотки, мен қотил бўлсам?

      Шундай дея у ўтлар устига беҳол йиқилди.

      Шу пайт Рожерс хонимнинг саросимали овози эшитилди:

      – Бизга ҳам бир нарса бўлмасидан бу қўрқинчли жойдан кетайлик. Қандай даҳшат!

      Эллиот қўлини елкамга қўйди.

      – Бундай бўлиши мумкин эмас, – шивирлади у. – Сизга айтяпман, бўлиши мумкин эмас. Инсонни худди шундай ўлдириш мумкинлигига ишонмайман. Бу… бу – қандайдир ғайритабиийку!

      – Амакиваччангизнинг юраги хаста эди-ку, – мен уни тинчлантиришга уриндим. – Балки ҳаяжон, руҳий зўриқиш ўз кучини кўрсатгандир.

      – Сиз ҳеч нарсани тушунмаяпсиз, – дея Эллиот сўзимни бўлди ва кафтини очди. Унинг кафти қон эди. – Дик касалликдан ўлгани йўқ. У тиғ зарбидан жон берди. Лекин, ажабланарлиси, бу ерда ҳеч қандай қурол йўқ эди-ку?!

      Таажжубланиб унга тикилдим. Бу орада Саймондс марҳумни текшириб бўлди ва олдимизга келди. Унинг ранги оқариб кетган ва қалтирарди.

      – Наҳотки ҳаммамиз ақлдан озган бўлсак? – сўради Саймондс. – Агар шундай ҳодисалар бўлиб турса, бу қандай жой ўзи?

      – Демак, бу ҳақиқат экан-да, – дедим мен.

      У гапимни тасдиқлагандай ишора қилди.

      – Зарба узун, ингичка ханжар билан етказилган бўлиши мумкин, бироқ мен ҳеч қандай ханжарни кўрганим йўқ.

      Бир-биримизга қарадик.

      – Ундай бўлса, ханжар шу ерда бўлади! – таъкидлади Эллиот Хейдон. – У шу атрофда, қаердадир ётибди, қидириб топиш зарур.

      Ўтлар орасини пайпаслай бошладик, шунда Виолет Маннеринг:

      – Ҳа, эсимга тушди, Диананинг қўлида нимадир бор эди. Ханжарга ўхшаган бир нарса. Ҳа, рост. У Ричардга таҳдид қилаётганда нимадир ярақлаб кўринганди, – деб қолди кутилмаганда.

      – У лоақал уч қадам ҳам унинг яқинига бормаганди, – эътироз билдирди Эллиот Хейдон.

      Маннеринг хоним беҳуш Дианага энгашди-да:

      – Ҳозир унинг қўлида ҳеч нарса йўқ, ерда ҳам ҳеч нарса кўринмайди, – деди. – Виолет, адашмаганингга ишончинг комилми?

      Доктор Саймондс ҳам Диананинг олдига келди:

      – Уни уйга олиб бориш керак. Рожерс, ёрдамлашворинг. Аввал мисс Эшлини олиб кетамиз. Сўнг Ричард билан