Название | Япон зобити |
---|---|
Автор произведения | Леонид Чигрин |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-224-2 |
“Архангельскнинг нимаси шаҳар экан?” – Поручик Ютаро Тода буни сира ақлига сиғдиролмасди. Шаҳар – уйлари тошдан қурилган, кўчалари кенг, турфа рангларга бой, кўпчилик яшайдиган, ҳамма нарса кўзни қувнатадиган ва шодлантирадиган маскан. Бу ерда эса фақат кичкина ғира-шира деразаси ва дарвозаси олдида ўриндиқ вазифасини ўтовчи қалин хода турган пастаккина ёғоч уйлар, балчиққа ботган тор, қинғир-қийшиқ кўчалар, ҳовлиларда сақланаётган чорванинг ўткир ҳиди бор. Аҳёнаҳёнда сигирнинг маъраши тинимсиз шивалаётган ёмғир товушини босиб қулоққа чалинади, ҳар замонда хўрозлар бўғиқ овозда эринибгина қичқириб қолади. Доимий ғирашираликдан улар тун билан кунни фарқламай қўйган ва азбаройи ўз хўрозлик бурчларини оқлаш учун кўпинча тусмоллаб қичқириб қўярдилар. Маҳаллий аҳолига улар тонг отганини ва ўриндан туриб, навбатдаги туганмас юмушлари билан шуғулланишлари кераклигини эслатувчи соат вазифасини ўтарди. Бироқ Архангельскка ҳарбий қисмлар келиши билан шаҳардаги чорва ва паррандаларнинг сони сезиларли камайди. Ёмғирлар ва лойгарчилик туфайли отрядларга озиқ-овқат мунтазам етказилмай қўйди ва энди оч-наҳор аскарлар ҳовлиларда изғиб, ейишга яроқли бор нарсани тортиб олишарди. Натижада маҳаллий аҳоли билан шусиз ҳам яхши бўлмаган муносабатлар янада ёмонлашди.
Аҳолининг ўзи кўчада камдан-кам пайдо бўлар, мўрилардан том бағирлаб сизиб чиқаётган кўкимтир тутун одамларнинг вақтини кўпроқ уйда, панада ўтказаётганидан дарак берарди. Фақат қандайдир муҳим заруратгина уларни кўримсизгина ҳовлиларидан чиқишга мажбур қиларди. Қўлда тикилган қўпол кийим, пўстин ва қулоқчин-телпакларда бу одамларнинг юзи бир хилдек туюларди, ҳар ҳолда Ютаро Тода уларни бир-биридан фарқлай олмасди. Аёллар умуман кўринмас, худди Архангельскда фақат бадқовоқ ва ёқимсиз эркаклар, кексалар яшайдигандек таассурот уйғонарди. Отряд командири, полковник Исикуранинг айтишича, ўрта яшар кишилар ва ёшлар партизанларга қўшилиб кетган экан. Эҳтимол, шундайдир ҳам, ҳар ҳолда полковник бу ерларда нималар бўлаётганини яхшироқ биларди.
Эрталаб ҳам ўша зах ва этни жунжиктирувчи совуқ ҳукмрон эди. Дарё бўйлаб қуюқ туман сузар, у ўзининг нам ҳовури билан теварак-атрофни гўё ютаётгандек шаҳар томон ўрмалаб борарди. Оёқ остида лой пилчиллар, этиклар қарийб тўпиққача ботарди. Ботқоқ ва ёпишқоқ балчиқ юришга халал берар, аскарлар оёқларини кўтарганида кўпинча этиклари лойда қолиб кетарди. Ана шунда бир оёқда сакраган ҳолда иккинчи этикни лойдан суғуриб, жойида кийиб олишга тўғри келарди.
Ҳеч қаерда милт этган чироқ кўринмасди. Архангельск аҳолиси қирилиб кетган жойга ўхшарди. Кўп уйларни эгалари ташлаб кетган бўлиб, ҳувиллаб ётарди. Дераза ромлари ва дарвозалар табақалари хоч шаклидаги тахталар билан михлаб ташланганди. Отрядни жойлаштириш муаммо бўлмади. Аскарлар тахталарни суғуриб ташлаб, эгасиз уйларда яшай бошлашди. Исиниш учун уйларнинг йўғонроқ ходаларини думалатиб, уларни ғўла қилиб арралашди ва болта билан ёриб ўтин қилишди. Шу туфайли баъзи уйлар яккам-дуккам чириган ва қорайган тўсинлари билан худди қовурғалари турли томонга қаққайиб турган беўхшов устухонга ўхшаб қолганди.
Поручик Тода Ютаро ўз бўлинмасини Архангельск чеккасига олиб борди. Бўлинманинг вазифаси шаҳарни партизанларнинг кутилмаган ҳужумларидан ҳимоя қилиш эди. Кундузи аскарлар икки-учтадан бўлиб, шаҳарнинг кўча ва тор кўчаларини қўриқлашар, ҳар бир бурчакни синчковлик билан кузатиб юришарди. Агар шубҳалироқ ниманидир сезиб қолишса, ҳовли ва уйларга кириб, у ерда яшовчиларни текширишарди. Барибир бунақа текширувлар одатда кутилган натижани бермасди. Шаҳарда партизанлар йўқ, улар ўрмонларда ва атрофдаги ҳали япон отрядлари эгалламаган қишлоқларда турар, бу ерда эса вазият тинч эди. Лекин бу нисбий тинчлик бўлиб, кечалари отишмалар эшитилиб турар, кимдир “махфий жойлар”га, қалин ёғоч тўсинлардан