Название | Буюк Беруний |
---|---|
Автор произведения | Комил Хоразмий |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
СЎНМАС МАШЪАЛЛАР
Берунийнинг шахси ва фаолияти ҳақидаги энг ишонарли ва қимматли маълумотларни жаҳоншумул, наинки жаҳоншумул, балки фалакшумул олимнинг ўзи ёзиб қолдирган каттаю кичик асарларидан олиш мумкин. Оз эмас, нақ минг йилдан кўпроқ вақт илгари ёзилган ҳасби ҳол – таржимаи ҳолларининг қимматини ўлчаш учун бирон-бир тошу тарози бормикан? Кўпчилик қатори мен ҳам бу қомусий билимлар соҳиби бўлмиш буюк аждодимизнинг “Ҳиндистон” асарини она тилимизда ўқиб чиққан эдим. 1966 йилда! Ҳиндшунос талаба бўлганим боис “Ҳиндистон” асарини ўқишни фарзу қарз деб билгандим. Э-воҳ! Мен китоб эмас, тўрт томони ҳам осмонга туташ уммонга “калла ташлаган” эканман. Шундан бери Абу Райҳон Берунийнинг мухлисиман. Аллома шахсиятига қизиқишим беқиёс.
Шоир Комил Хоразмий қаламига мансуб “Буюк Беруний” достони қўлёзмасини ўқиб чиқдим. Достон муаллифи илмий, бадиий манбалардан унумли фойдаланибди. Асар дебочасидаёқ фалсафий руҳ нигоҳимизни матн ичкарисига тортади:
Аллоҳ бир бандага солса гар назар,
Шавкати ўчмагай қиёмат қадар.
Асрлар қаъридан таратганча нур,
Башарга бағишлаб тургувси ғурур.
Нодир инсонларни кўрди бу фалак,
Тенгсиз заковатдан бергувчи дарак.
Чиндан ҳам Абу Райҳон Беруний – минг йилда бир учрайдиган нодир шахс. Достон муаллифи таъкидлаганидек, Беруний жаҳолат шайтоний қаҳқаҳа отган даврда яшаб, ижод қилди. Бинобарин, уни илм майдонининг паҳлавони дейиш мумкин. К.Хоразмий алломани таърифлаб ёзадики:
… Илм машъаласин кўтарганча даст,
Дилин эзгуликка этганча пайваст –
Майдонга чиқади мисли баҳодир,
Кўзи келажакни кўришга қодир.
Кукундек соврилар кумуш-у тилло,
Ки идрок жаҳонда баридан аъло.
Албатта, буюк шахслар ҳақида асар битиш ҳазилакам амал эмас. Айниқса, Берунийдек жаҳонни забт этган олим тўғрисида! Бунинг учун шоир малака ҳосил қилиши, қалами обдон “чархланмоғи” даркор. Комил Хоразмий “Хоразмнома” достонини ёзиб, эълон қилдирганидан кейин ўзига нисбатан ишончи ортгани шундоққина сезилиб турибди. “Буюк Беруний” достонига алоҳида тайёргарлик кўрилгани ҳам бор гап. Шоир Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва уларнинг устозлари образларини ишонарли алпозда яратган. Подшоҳлар образлари ҳам ўқувчи қизиқишини оширади. Айниқса, Маҳмуд ўазнавий ва Беруний орасидаги зиддиятли манзаралар, менимча, қиёмига етказилган. ўазнавий Ҳиндистонга қилич кўтариб борган бўлса, Беруний қалам ушлаб туради. Подшоҳ ҳиндларни зор қақшатса, аллома уларни кўкка кўтаради. ўазнавийнинг назарида Беруний чорасиз киши:
Подшоҳ-чун Беруний ожиз бир одам,
Қатлга буюрар хоҳлагани дам.
Зиндонга ташлатмоқ бир одатий ҳол,
Баъзида маҳзундир, баъзида хушҳол.
Аён бўладики, қилич қудратидан қалам кучи устун чиқади. Беруний қалами боис ер юзида довруқ қозонди. ўазнавий эса золим ҳукмдор сифатида кўплаб миллатларнинг нафратига нишон бўлгани тарихдан маълум. Мазкур тарихий ҳақиқатни Комил Хоразмий бадиий ҳақиқатга айлантира олган. Бинобарин, мен ҳам достонни мароқ ила ўқиб чиқдим. Кўзларим қувонди, дилим яйради.
Ҳурматли китобхон! К.Хоразмийнинг “Буюк Беруний” достонини мутолаа қилар экансиз, лавҳалар ўз ўрнида яратилганига гувоҳ бўласиз. Асар ёзиш баҳонасида Комил Хоразмий олис ўтмишга ҳам саёҳат қилади, бугунги кундаги илмий тараққиётлардан ҳаяжонга тушади, яхши умид ва ишонч билан келажакка кўз тутади. Зеро, илм аҳлида келажакка қизиқиш ва интилиш бўлмаса, у ҳеч қаёққа бора олмайди. Нуқул ўтмишдаги шон-шавкатга маҳлиё бўлиш кишига фойдали эмас:
Достонни битирдим Наврўз маҳали,
Режалар бисёрдир кўнгилда ҳали.
Шу байтни битган шоирдан яна кўп асарлар кутишга ҳақлимиз. Демак, мавзу яна давом эттирилиши аниқ. Энди достоннинг тарбиявий аҳамияти хусусида сўз айтмоқчиман. Достонда Абу Райҳон Беруний иродаси пўлатдек мустаҳкам шахс сифатида тасвирланган. Ул зот ҳар қандай оғир даврларда ҳам ўзини йўқотиб қўймайди, балки, бир иложини топиб, мушкулот қаъридан қутилишга муваффақ бўлади. Бинобарин, ирода – халоскор. Алломанинг кучи, қуввати шунда-да ахир?! Такаббур, урушқоқ подшоҳлар билан муроса қилиш, жаҳолат аждарҳодек бошини кўтарган вақтда самога боқиб, юлдузлар “шивирини” эшитмоқ, гоҳо шон-шавкатли юрт таърифини келтирмоқ осон иш эмас. К.Хоразмий алломанинг худди шу жиҳатларини рангин лавҳаларда ифодалаб, савобга дахлдор бўлибди:
Бир китоб ёзмоқчи ҳинд мулки ҳақда,
Кўрган-кечирганин ёдида сақлаб.
Гарчи ҳайратбахшдир қадимий Юнон,
Ундан ҳам қадимий аммо Ҳиндистон.
Ўтмишдаги аллома аждодлар келажак йўлини ёритувчи сўнмас машъаллардир. Бизнинг вазифамиз – шу машъалларни бир-бир қўлга олиб, унга “ёғ қуйиб”, яна-да кучлироқ порлатиб, келажак йўлини тағин-да бехато ва бенуқсон кўра билмакдир. Комил Хоразмий ўз замондошларига шу эзгу ниятни