Название | НАМОЗШОМ ХАЁЛИ |
---|---|
Автор произведения | Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Дарвоза олдидаги пастак ғиштин супача тарафдан қаровулнинг овози эши-тил-ди:
– Ҳо-о, Раҳимуп, ман бу ердаман, иним!..
Ҳаял ўтмай, Бобожон қаровул кўринди: бошяланг, калласи тақир, соқол-мўй-лави калта кузалган, эгнида йўрма ёқали, этаги узун сурп кўйлак, сурп иштон, оёқяланг.
– Кавушийиз қани, Бобожон ака?
Бобожон қаровул:
– Ина… – деб, дарвоза томонга ишора қилди, сўнг оёғига қаради: тирноқлари буришиб-бужмайиб кетибди. Аллатовур кулимсиради: оғзининг у ер-бу ерида иккитами, учтагина тиши кўринди: узун-узун. – Шуниси яхши: илимжи ердан шира сўради-да, Раҳимуп!..
– Бобожон ака, сўрасалар, чой-пой дамлаб берарсиз.
– Яхши-ажаб, Раҳимуп.
– Матқодирга айтинг, пастга тушиб, меҳмонлар ёнида бўлсин.
– Яхши-ажаб, Раҳимуп! – деб, Бобожон қаровул ҳовлининг адоғи томон жил-моққа чоғланди. – Ҳозир айтаман.
– Боя ман валасапедимни райкомнинг ҳовузи ёнида унутиб галаверибман.
– Неваралардан бирини юборай, Раҳимуп? Йўғ-а, ишга ярийдиган неваралар бари ётарлайин пахтая гетган. Ман ўзим бора қолий?
– Йўқ, ўзим…
… демак, қаровулдан бошқа ҳамма ҳашара, – деб ўйлади Раҳимов, дабдуруст-дан Биринчининг важоҳат билан қўл сермагани кўзўнггидан ўтаркан, кўчага хомуш чиқаётиб. – Даҳшат-ку, а?!.
* * *
Тўлин ой шуъласидан хона ичи ёп-ёруғ. Боққа қараган дераза ланг очиқ эди. Рўпарадаги олманинг акси оҳиста деворда сирғалади – гоҳ у ёққа, гоҳо бу ёққа.
Раҳимов ҳали ухлагани йўқ, яқин орада ухлашиям гумон: тоғасининг қўнғи-роқ қилишини кутиб ётибди; хаёли номаълум – олис ёқларда, кўзлари эса де-ворда беқарор сирғалаётган сояларга қадалган; лекин сояларнинг сирли-сеҳрли, ажабтовур ўйинини кўриб-кўрмаётгандек.
Бир маҳал, телефон жиринглади.
Раҳимов шошиб қаддини тиклади-да, шартта дастакни олиб:
– Алў? – деди. Ва, ўша асно, юраги гуп-гуп ураётганлигини сезиб, дарров кафтини кўксига босди. – Дойи?..
Қўшни уйнинг эшиги секин ғижирлаб очилди:
Раҳимов бошини буриб, тўнғичини кўрди: қизи узун тункўйлаги устидан бо-шига катта рўмол ташлаб олибди.
– Раҳмат, дойи, раҳмат!.. Сизниям овора этдим-да, алаштирмийсиз, дойи. Ду-шундим… Ҳовва… Яхши ухлаб туринг, дойи!..
Раҳимов дастакни жойига қўяр-қўймас, қизи паст овозда:
– Хушхабарми, ака? – деди.
Раҳимов хушҳол жилмайиб:
– Ҳовва-а! – деди.
– Хайрият-э! – деди қизи, эшикни ёпишга чоғланиб. – Яхши ухлаб туринг, ака.
– Апанг ухлаб қолдими?
– Йўқ… Биласиз-ку, ака.
Раҳимов бошини қуйи солди.
… бахтимиза Ў з и н г тану жонини соғ қилғийсан, Тангрим?..
Қизи яна бир карра хушҳоллик билан хайрли тун тилагач, аста эшикни ёпди.
Хиёлдан сўнг, Раҳимов энди хотиржам ухламоқни ният қилиб, тўшагига чў-зилди.
Бироқ, хоразмликнинг: ҳўккининг устига тугун, деганидек, Раҳимов, орага тоғасини қўшгани учун, ташвиш устига ташвиш орттириб олганлигини ҳали билмас эди.
* *