Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов

Читать онлайн.
Название Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)
Автор произведения Тохир Хабилов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-457-1



Скачать книгу

томонимизда маҳалланинг эски масжиди бор эди. Масжид бор, Сўфий ота ҳам бор, лекин азон айтилмасди, намоз ўқилмасди. Эллик бешинчи йилда масжид бузилиб, ўрнига уй қурилди.

      Биз кўчиб келган жой боғ эди. Октябрь тўнтаришидан аввал кўнчи бойники бўлган экан. Ер ислоҳотидан сўнг деҳқонларга бўлиб берилган. Бойнинг уйи, шийпони эса аввал етимхонага, кейин мактабга айлантирилган. Еттинчи синфга қадар шу мактабда ўқидим. Йигирманчи йилларда деҳқонларга бўлиб берилган ер урушдан кейин қайта тақсимланиб, тўрт-олти сўтихдан қилиб шаҳарлик хизматчиларга улашилган. Устомонлар йўл топиб, бир эмас, икки, ҳатто уч ҳовлидан олишган (буни “участка”, дейишарди, вилоятларда ҳозир “чек” дейишади). Биттасини сотиб, пулига уй қуриб олишган. Дадажоним у пайтда ҳарбий комиссариатда ишлаганлар, иккита ҳовли олиш имкониятлари бўла туриб, биттасига қаноат қилганлари учун аяжонимдан кўп дакки эшитардилар. Сўфий ота ҳам иккитани “эплаштирган” эканлар, узумзор томонни сотдилар. Ўша йили токлар чопиб ташланиб, каминанинг “ўғрилик” фаолияти бутунлай якун топди. Ўнг томонимиздаги ҳовли ҳам сотилди. Аллоҳ раҳмат қилсин, икки ҳовлини сотиб олган ака-укалар яхши одам эдилар. Уларнинг исмларига “бойвачча” сифатини қўшиб айтиш расм бўлган эди. Тез фурсатда данғиллама иморат солдилар. Агар бугунги бойлар билан солиштирилса, у бойваччалар “ўрта ҳол” даражада бўлишлари мумкин. Агар тузум йўл берса, улар ҳам миллионер даражасига етишлари мумкин эди. Лекин озгина бойлик тўплаб, қўрқиб яшардилар. Айниқса, Хрушчёв даврида, 1962–64-йилларда улар анча беҳаловат бўлдилар. Меҳнатсиз даромад топган, деб кўпларини қамадилар, уйларини мусодара қилдилар. Ўша йиллари бизнинг уйимиз оҳори тўкилмаган гиламларга, ялтироқ жавонларга ва турли биллур, чинни идиш-товоқларга тўлиб кетган эди. “Сизларни текширишмайди”, деб бойликларини олиб чиқиб қўйишарди. Шу даражада бўлди-ки, жавонларнинг оғирлигидан уй поли чўкиб кетди.

      Бир куни ярим тунда кўча эшигимиз қаттиқ тақиллади. Келган киши бетоқатроқ эканми, дадажоним чиққунларича қайта-қайта тақиллатди. Ўшлик қариндошларимиз “ўнинчи июлда сизларникига кетяпмиз”, деб телеграмма юборишган экан. Қариндошларнинг келишлари биз учун янгилик эмас. Уй тор бўлгани билан кўнгил кенг эди. Ҳатто мактабдаги синф хонасида турганимизда ҳам меҳмондан безор бўлмаганмиз. У воқеанинг ёдда қолганига сабаб: меҳмонлар телеграммаларидан бир кун олдин келиб бўлишган эди. Ваҳимачи почтачи телеграммани бераётган дамда қўшниларнинг дарвозалари ҳам очилди. У кетгач: “Абдумалик ака, тинчликми?” деб ҳол сўрашди. Тинчлик эканини билишгач, уйларига кириб кетишди. Билмадим, қимматбаҳо моллари бизникида бўлмаганида ташвишланиб чиқишармиди ё йўқми?.. “Камбағалнинг пули йўқ, бойнинг эса тинчи йўқ”, деганлари бежиз эмас. Хрушчёв ишдан олиниб, бу таъқиблар тўхтагач, улар енгил нафас олиб, бойликларини олиб чиқиб кетишди. Уйимиз ҳувиллаб, яна эски шолчаларда қолдик. Гиламларни олиб чиқиб қўйишгани билан ерга тўшамаган эдик, иккитаси деворга қоқилган бўлса, қолгани бўзга