Название | Танланган асарлар: 1-жилд |
---|---|
Автор произведения | Ўткир Ҳошимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Гоҳо зарурат бўлиб, эски лаш-лушлар билан тўлиб кетган ҳужрачани титкилаб қолсангиз, занглаб ётган пичоқчангизми, жияги титилиб кетган дўппингизми топилиб қолади. Шунда аллақачон йилларнинг гарди босиб, тусини йўқотган хотиралар тўсатдан ярқ этади-ю, тағин алангаланиб кетади, юрагингизнинг ўт бўлиб ёндириб юборади. Бир вақтлар ўша пичоқчада толдан ҳуштак ясаганингиз, ўша дўппига қаттиқ нон солиб, ариқ бўйида оқизоқ қилиб еганларингиз ёдингизга тушади. Кечмиш йилларингиз, ўша тонгдай мусаффо йилларингиз ҳозирги кунингизга қараганда анча беғубор, анча пок бўлганини аянчли бир ҳақиқатдай тан олишга мажбур бўласиз.
Алимардон Анварнинг Янги маҳалладаги шаҳар ҳовлисига кириб келганида худди шундай аҳволда эди. У бу ерга боши оғиб келиб қолди, аммо бари бир Анварнинг олдида бош эгишга мажбур бўлишини ўйлаб, ич-ичидан эзила бошлади.
Алимардон олди очиқ айвон тўрида – гулдор кўрпача устида ўтирганча атрофни соғинч билан тоомша қилар, бу ердаги ҳамма нарса унинг болалигини эслатар эди. Токчалардаги ялтироқ баркашлар ҳам, айвоннинг йўғон-йўғон, хийла сарғайиб қолган тўсинлари ҳам кўнглига яқин, қадрдон эди.
Бир вақтлар қиш кечаларида Алимардон далада зерикиб кетар, таътилда шу ерга келарди. Анвар билан кечгача уриниб ҳовли ўртасида қорбобо ясашар, кечалари худди шу айвон олдига чодир ташлаб қўйилар, улар танчага оёқ узатиб алламаҳалагача туршак чайнаб ўтиришарди. Тонг саҳарда уйғониб, ҳовондаги сопол товоқларни олишар, музлаган қаймоққа шоша-пиша қора нон бўктириб ейишарди.
У ўша дамларни эслаб, мийиғида кулиб қўйди. Ҳозир ҳам деярли ҳеч нима ўзгармаган. ўша айвон, ўша кафтдай ҳовли. ўртадаги ўша бир туп тут оқариб қолибди. Қарши томондаги болохонада Иқбол холанинг саришта қўллари билан ипга тизилган маржон-маржон гармдорилар осилиб турибди. Фақат болохона тагидаги уй ўзгарибди. Оқланибди, янги эшик ўрнатилибди, сирланган деразаларда келинлик нишони бўлган нафис дарпардалар…
Ошхонада Иқбол хола кўринди. У Алимардон кўникиб қолган майда-майда, чаққон одимлар билан келиб, лип этиб айвонга чиқди. Нон, қанд-қурс солинган патнисни Алимардоннинг олдига, хонтахта устига қўйди.
– Келганингиз қандоқ ярашиб турибди, – деди чўккалаб ўтириб нон ушатаркан. – Сантал раҳматлик шундоқ бўлиб кетганингизни кўрганида юраккинаси қоқ ушалмасмиди. Яратгандан ҳам айланай. Бандасини доим бир томондан қисиб қўяди-да! – У чой қуйиб узатди. – Олинг, айланай, бегоналарга ўхшаб ўтирманг.
Алимардон чойни оларкан, зимдан унга қараб қўйди.
“Анвар ўртамизда бўлиб ўтган гапларни айтганми, йўқми? – у Иқбол холанинг чеҳрасида ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини илғаб тинчиди. – Айтмаган…” – Иқбол хола деярли ўзгармаган эди. Ҳамон ўша меҳрибонлик, қоп-қора юзларида илиқлик. Фақат сочларининг оқи кўпайибди.
Алимардон кўпдан бери ерда – кўрпачада ўтирмагани учун оёқлари увиша бошлади. Кўзлари билан стул қидираркан, бирдан ўзининг ўзгариб кетганини, қандайдир бошқа одам бўлиб қолганини ўйлади.
– Анвар келиб қолармикан?
– Келади,