Название | ГАПХОНА |
---|---|
Автор произведения | Аъзам Аҳмад |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Жуда бўғилдим, лекин менга хўжайинмисиз, пулимнинг бори шу ўн етти сўм, шуни олинг-да, мени тинч қўйинг, деб бақириб беролмайман-ку.
Ялиндим охири: жон ака, яна шу ётоқхонага борайлик, жўрам келиб қолган бўлиши мумкин, келмаса, унинг жойида тунайман. Йўқ, қанақа қилиб унинг ўрнида ётасиз, ёнидаги одамни кўрдингиз-ку, дейди.
Ётоққа борсак, буни қарангки, отини ҳам айтай, Сулаймон жўрам келган экан, қучоқ очиб кутиб олди. Бўлди-ей, худога шукр, энди Марлен ака юз сўм сўраса ҳам қўрқмайман. Сулаймон ўзида бўлмаса, ер тагидан топиб беради.
Сулаймон уни танимаса ҳам бир пиёла чой ичиб кетасиз, деди. Марлен ака ҳам йўқ демай ўтириб олди. Чой дамланди. Бигизнинг устида ўтиргандек ўтирибман. Сулаймонни қандай қилиб четга тортиб, пул сўрасам? Кира ҳақи ҳам манов ерда элликларга борди-ёв.
Ундан-бундан гаплашган бўлдик. Марлен ака, сезяпман, Сулаймонга разм соляпти. Ҳа, айтганча, ҳалиги совуқ қаёққадир чиқиб кетган экан. Марлен ака чойни ичиб пиёлани тўнтарди-да, энди, укалар, икковларинг ҳам туринглар, бизнинг уйдан бир пиёла чой ичасизлар, деди. Сулаймон нима дейишини билмай менга қаради. Мен, ўламан саттор, бормаймиз, деб туриб олдим. Хўп тортишдик, Марлен ака юринглар, дейди, мен йўқ дейман, Сулаймон ҳайрон, ким бу одам деб мендан сўраши ноқулай. Ниҳоят Марлен ака, – ниҳоят-эй! – “Аҳмаджон ука, мана, жўрангизни кўрдим, кўнглим жойига тушди, чин жўра экан, мен энди бемалол, кўнгилхотиржам сизни қўйиб кетсам бўлади. Бизга жавоб. Қани, омин!” деб фотиҳага қўл очди.
Елкамдан тоғ ағдарилди-я! Эшикка чиқаётиб Сулаймонга “Бор пулингизни олиб олинг!” деб шивирладим. Сулаймон бошини ирғади: бор пули чўнтагида шекилли.
“Волга”га боргунча Марлен ака кўзимга яхши кўриниб қолди, шунча қилган хизматига минг сўм сўраса, албатта, ёнимда шу пул бўлса, қўш қўллаб тутқазар эдим. Беҳазил.
Биласизми, ҳозиргача ўзим ҳам тушунмайман, Марлен ака пул сўрамади, сўрашга яқин ҳам келтирмади, “Э-э, укалар, йўқ деяпсизлар-да, бир чақчақлашиб ўтирар эдик. Ҳали ҳам бўлса…”, деб хўп ялинди. Пул тутсам, бу одамни ерга урган бўламан, деган фикр келди ниҳоят калламга.
Ана шунақа, бормадингиз – худо хоҳласа, яна кўришармиз, деб жуда очиқкўнгилда хайрлашдик.
– Ким бу одам? – деди Сулаймон Марлен ака кетиши билан.
– Билмайман, бугун танишдик, – дедим.
– Қанчага гаплашган эдингиз? Олдин бериб қўйганингиз етдими? – деб
Сулаймон яна суриштирди, пул олиб олинг, деган эдим-ку.
– Ҳеч қанчага, – дедим. – Автобусда ёнма-ён ўтириб келдик, гаплашмадик, тушганимиздан кейин қаёққа борасиз, деб сўради, сизни айтдим, уйига олиб борди, увра ичирди, сизни излаб келдик, йўқ экансиз, хонангизда битта тўнғиз ётган экан, мени қолдиришга кўзи қиймай, Ҳамид Олимжон колхозига олиб борди, Али ака ўзи билан ўзи овора экан, яна уйига олиб кетмоқчи эди, мен кўнмадим, бу ёққа келдик, келсак, худога шукр, бор экансиз. Кун бўйи