Название | КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР |
---|---|
Автор произведения | Коллектив авторов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
…Чол бировлар деганда кампири, болалари, келин ва куёвларини назарда тутарди. Уларга огирлиги тушмаслиги учун жон-жаҳди билан тиришиб яшарди. То рўзғор қурганларидан буён баъзан уруш, яраш билан ўтган умрлари сўнгида чол уларга ўзини негадир тобора бегона сезиб борарди. Унинг гаплари ҳеч қачон гапдон хотини турганда фарзандларига таъсир этмаган, этолмасди.
Ўз ҳаётий тажрибалари, орзу-умидларини ҳеч бир йўл билан болаларига тушунтириб етказа олишдан умидини узган кун чол уларга тўсатдан бегона бўлиб қолганини ўзиям, улар ҳам сезмасдилар.
Чолнинг нафақаси келган кунгина барчаси унга меҳрибон ва окибатли бўлиб қолгандай туюларди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашичиси, қаҳрамон майор унвонига эга, ўз замонининг олижаноб, мард, довюрак, шижоатли йигитининг кексалик дунёси шундай ўтарди.
Чолнинг назарида болалари унинг бугунги давлат томонидан белгиланган жуда катта имтиёзлари эвазигагина унга умр ва омонлик тилашаётгандек кўринарди.
Ҳовлида гангур-гунгир овозлар эшитилди-ю бир оздан сўнг эшик очилиб катта ўғли кириб келди. У бола-чақали бўлиб сал нарироқда яшар, гўшт комбинатида ишлаётгани ҳатто ташқи кўринишига мос эди. Басавлат гавдаси, семиз қорни, қип-қизил таранг юзларига отаси беҳолгина тикиларкан, гўё кўзлари «Шу менинг ўғлимми? Наҳотки?» дер ва ҳеч бир яқинлик ҳис қилолмасди. Ўғли эса отасининг бу қарашлари, хулқ-атворига кўникиб кетганидан, буларнинг барчасини уруш кўрганлиги, ташвишлар туфайли мияси чарчаганидан деб билар ва ортиқча изоҳлашга ҳам уриниб ўтирмасди. Ота-бола сўрашган бўлдилар. Сўнг ўғли унинг каровати ёнидаги нимранг кўрпачага омонат чўккалаб у ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлгач, асл муддаосига кўчди.
– Энди, ота, ҳадемай Ғалаба куни – байрам. Собиқ қаҳрамонсиз, ҳар доимгидек мухбирлар, сураткашлар сиз билан қизиққани-қизиққан. Сал мазалари йўқ, ундан кейин бобойни гапиртириш осон эмас десам ҳам ҳеч ҳоли-жонимга қўйишмайди булар. Энди, ота, ҳозир биттаси келган, Тошкентдан экан. Суҳбат қиламан дейди, ёшгина бола, – “ёшгина” сўзига алоҳида урғу бериб, беписанд деди у, гуё отасига далда бериб шошиб ётманг дегандай, – шунга…
Бироз жим колди.
– Яхшироқ тайинла, – пичирлади онаси. У қачон келиб ўғли ортига ўтирган, пайқамабдиям, – тағин анави овсар хотин билан бўлган саргузаштларини бошламасин. Худо урган буни, кошки, кеча телевизорчилар келган пайтдагидек жим туриб берса