Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров

Читать онлайн.
Название Мангу латофат: бадиалар
Автор произведения Иброҳим Ғафуров
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-8593-8-8



Скачать книгу

мангу қолиш ва ундаги ҳар бир чечакни куйга солишни истайди. Дунё унинг шеърларида оппоқ нурларга чулғанган ҳолда намоён бўлади.

      Идеалга интилиш қанчалар кучли бўлмасин, шоиримизнинг шахсида асил оригиналликни исташ ҳам жуда кучли эди. Бу Эркин Воҳидов шахси ва талантининг фаровон белгиларидан бири. У «Сен етим эмассан»га қанчалар мафтун ва асир бўлмасин, ҳамма гап шундаки, ҳеч қачон юксак асарларнинг асоратида қолмади. Унинг юрагидаги камолот бунга асло йўл қўймасди.

      Эркин Воҳидов ўта мафкуравийлашган идеалнинг таъсиридан жуда тез қутулди. У табиийлик, самимийлик, эркинликка юз бурди. Тоталитаризмнинг даҳшатли иллатлари фош қилингани унинг юрагига қувват бағишлади, талантнинг оригинал имкониятларини намоён қилиш йўли очилди. Мафкуравийликдан безган ўқувчилар учун Эркин Воҳидовнинг шеърлари ўртанган юракларга худди малҳамдай таъсир қилди. У қисқа муддатда ёд олинадиган шоирлар сирасига кирди.

      Эркин Воҳидов университетни 60-йилда тугаллади. Университет даври унинг учун билимлар билан бойиган йиллар бўлди. Ажиб дўстлар орттирди. Адабиётнинг катта карвонини етаклаб бораётган устозлар давраларига кирди. Уларнинг ҳурмат-эътиборини қозонди. Эркин Воҳидовни қайноқ ҳаёт ўз бағрига олди. У ёшлик боғидан ажиб мевалар терди. Ўз такрорланмас шеърий боғининг асосини қўйди. У ёшликни қанча улуғласа, ёшлик унга шунчалар гўзал туҳфаларини кетма-кет пайдарпай тортиқ қилди. У ёшликнинг бир дамини ҳам бекор ўтказмади. Адабий давраларга кирди. Халқ ичига кирди. Тинмай юрт кезди. Халқнинг ҳаётини яқиндан таниди, ўрганди.

      Олтмишинчи йилларда унинг «Тонг нафаси», «Қўшиқларим сизга», «Юрак ва ақл», «Менинг юлдузим», «Нидо», «Палаткада ёзилган достон», «Ёшлик девони» сингари шеърий китоблари дунёга келди. Уларда ўз қарашлари ва турфа кечинмаларини баён қилди. 1953 йилда ўрта мактабни битириш арафасида ёзган шеърларидан бирида у она юрт олдида туриб сўз берган эди: «Мен жилғаман, Дарё бўлиб тўлгим келади, Она юртим, Сенга ўғлон бўлгим келади»… Бу унинг учун Ватан қошида аҳдпаймон, Ватанга қасам каби янграган эди. У аҳдини қадамбақадам адо эта борди. Олтмишинчи йилларда у, чиндан ҳам, бамисли дарё каби тўлиб оқди. Эркин Воҳидовнинг бу ўн йилликда шеър ёзмаган, шеър ўқимаган куни йўқ эди, десак муболаға бўлмас. У тўхтовсиз илҳом қанотида учди. Юрагига ато этилган камол уни баланд парвозга ундар, рағбатлантирарди. Олтмишинчи йиллар унинг ижоди тадрижма-тадриж «Ёшлик девони» ҳамда «Ўзбегим» сари кўтарила борди. «Ёшлик девони» шоирнинг қисқа бир давр ичида шеъриятнинг қанчалар юксак чўққиларига кўтарила олганлигини ва маданиятимизда янги бир миллий адабий-бадиий ҳодиса пайдо бўлганлигини кўрсатди. У қасида, фахрия, ғазал, мухаммас, достон каби шеър турлари ва жанрларини янги замон мақомига олиб чиқди. Кўҳна анъаналарни янгича санъаткорлик билан бойитди. Энг муҳими, уларда инсонни унинг бутун зиддияти, оғриқли, дардли кечинма ва ўйловлари билан тасвирлади. Шарқнинг даҳо шоирлари қасиданинг беҳад гўзал намуналарини, уларда