Название | Қадр кечасидаги қотиллик |
---|---|
Автор произведения | Комил Ойдинович Синдаров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-884-1 |
– Бошида терговчи ҳам бу ерда ҳеч қандай нотабиийлик йўқ деб ҳисоблаб, кампирнинг ўлимига эътибор қаратмаган. Марҳуманинг қизи онаси ўладиган касал бўлмаганлигини айтиб, мурдани эксгумация қилишни талаб қилган. Бу томондан гумондор айбини бўйнига олмай, сўзида қатъий туриб олгач, терговчида ҳам иккиланиш пайдо бўлган ва бошқа тахминлар устида ишлашга киришган. Кампир ҳам қотиллик қурбони бўлдимикан, деган тахмин илгари сурилган. Шу муносабат билан терговчи раҳбарларнинг қаршилигига қарамай, марҳуманинг қабрини очишга эришган. Эксгумация анчагина нарсага ойдинлик киритган. Экспертлар кампирнинг ички органларида кучли таъсир қилувчи заҳарли модда мавжудлигини аниқлашган.
– Жиноятнинг мотиви босқинчилик бўлса, кампирни ўлдириш кимга керак бўлган экан? – Санжарбек масаланинг жиддийлигини англай бошлади.
– Шуни айтаман-да, бу оддий қотилликка ўхшамаяпти, – деди прокурор ўринбосари пахта гулли пиёладаги чойдан ҳўплаб, – тергов боши берк кўчага кириб қолган. Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади.
– Тушунарли, қачон йўлга чиқсам бўлади? – Санжарбек ўрнидан қўзғалди.
– Майли, бугун қўлингиздаги юмушларингизни бир ёқли қилинг, эртага етиб борсангиз бўлади, – Тоҳир Ғафурович ички хизмат телефони гўшагини кўтариб, ёрдамчисига – «Менга Сирдарё вилояти прокурорини уланг», – деди. Зум ўтмай «шаҳар телефони» жиринглади.
– Дилмурод Кабирович, яхшимисиз? Кечаги масала бўйича сўраган одамингизни юборадиган бўлдик… Санжарбек эртага ихтиёрингизга етиб боради… албатта, албатта, бундан мураккаб, чигал қотилликларни қисқа муддатларда очиб ташлаган… Майли, омад, хабарлашиб турамиз, – раҳбар гўшакни ўрнига қўйиб, кетишга чоғланиб турган терговчига юзланди: – Ҳаммаси Раҳмоновни берасан дейишади, булар кўп, аммо Раҳмонов битта бўлса! Кўз тегмасин, Санжарбек, афсонавий терговчига айланиб боряпсиз.
– Сизнинг дуоларингиз билан, Тоҳир Ғафурович, – терговчи ўзини «оқлаш» учун бундан ортиқ сўз тополмади.
– Майли, сизга омад, тезроқ бориб, вазиятни тўла ўрганиб чиқинг, сўнг қўнғироқлашамиз, – прокурор ўринбосари гапни мухтасар қилди.
Санжарбек қабулхонадан чиқиб, тўғри хонасига кирди. «Тавба, дунёда ҳеч бир жиноят бошқасига ўхшамас экан-да! Олтмиш саккиз ёшли қариянинг ўлими кимга керак бўлган? Жиноят бойликка эга бўлиш мақсадида содир этилган бўлса, кампирни ўлдиришга не ҳожат! Қотил қариянинг бор бойлигини олиб кетган-ку! Бундан қониқмасдан ўзини хавф-хатарга қўйиб, шифохонага яширинча кириш, онахонни заҳарлашдан мақсад нима? Ё кампир бирор сирдан воқиф бўлганми? Одатда, жиноятчилар қилмишлари фош бўлиб, қўлга тушиб қолишидан чўчиб, гувоҳларни йўқ қилишни маъқул кўришади. Ёки кимдир эру хотинни ўлдириб, уларнинг меросига эга чиқишни кўзлаганмикан? Уларда яшаб турган уйидан бошқа яна қандай мол-мулк бўлиши мумкин? Ёки чол-кампир қасос қурбони бўлдимикан?