Юқумлилик. Маҳсулот ва ғоялар қандай оммалашади. Йона Бергер

Читать онлайн.
Название Юқумлилик. Маҳсулот ва ғоялар қандай оммалашади
Автор произведения Йона Бергер
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-180-1



Скачать книгу

молик нарсалар уларни биладиган одамларга ҳам эътибор қаратади, шу йўл билан у ижтимоий қийматга айланади. Турли йиғинларда баъзилар эътибор марказида бўлишни хоҳлайди, лекин ҳеч ким кечанинг четида қолишни истамайди. Ҳаммамиз ҳам бизни ёқтиришларини хоҳлаймиз. Жамоанинг маъқуллашига интилиш одамнинг асосий мотивацияларидан биридир. Агар биз кимгадир “Snapple”дан ўқиган фактимизни айтсак, биз ниҳоятда киришимли, дилкаш одамдек кўринамиз. Агар ҳотдог ресторанидаги махфий бар ҳақида айтсак, ўзимиз ҳам қизиқроқ кўринамиз. Ноодатий, янги, кўнгилочар ҳикоя ёки рекламаларни бошқалар билан улашиш, бизни ҳам антиқа ва қизиқарли одамга айлантиради. Одамлар бизга кўпроқ мурожаат қила бошлайди, кечаларга кўпроқ таклиф қилишади, иккинчи учрашув эҳтимоли ҳам ошади.

      Табиийки, эътиборга молик нарсалар кўпроқ эсланиши бежиз эмас. Бир тадқиқотда мен ва Уортон профессори Рагу Иенгар иккимиз турли компаниялар, маҳсулот ва брендлар интернетда қандай тилга тушганини ўрганмоқчи бўлдик. Бунинг учун 6500 та бренд ва маҳсулотлардан иборат улкан рўйхатни кўздан кечирдик. Рўйхатда “Wells Fargo” ва “Facebook” каби улкан брендлардан тортиб, “Village Squire Restaurants” ва “Jack Link’s” каби кичик компанияларгача бор эди. Сўнг биз одамлардан ҳар бир бренднинг қанчалик эътиборга молик эканини белгилашларини сўрадик. Охирида олинган маълумотлар билан маҳсулот ёки бренд қанчалик кўп эсланганлиги орасидаги боғлиқликни қидирдик.

      Хулоса ноаниқликка ўрин қолдирмади: “Facebook” ва Ҳолливуд кинолари каби эътиборга молик брендлар “Wells Fargo” ва “Tylenol” каби унча эътиборга тушмайдиган маҳсулотлардан икки баробар кўпроқ эсланган. Бошқа тадқиқотларда ҳам шундай натижалар қайд этилган. Қизиқарлироқ хабарлар кўпроқ улашилган, ҳайратланарли мақолалар эса “New York Times”да юқорироқ рейтингни эгаллаган.

      “Youtube”да рэп қўшиқларни равон айтаётган саккиз ёшли қизчанинг видеоси кўп томоша қилинганидан тортиб, машина уриб юборган ва унинг бамперига илашиб салкам 1000 км юрган, сўнг тирик қолган чиябўри ҳақидаги ҳикояни холам менга жўнатганигача, ҳаммасининг сабаби уларнинг эътиборга моликлигидир. Бу сабаб ҳатто шифокорларнинг айрим беморлар ҳақида бошқаларига қараганда кўпроқ гапиришларини ҳам изоҳлаб беради. Ҳар гал шошилинч ёрдам қабулхонасига ноодатий сабаблар билан бемор келиб қолса (масалан, антиқа нарсани ютиб юборган бўлса), у тез орада бутун шифохонага овоза бўлади. Касалхонадаги пушти тревога (бола ўғирлаш), гарчи ёлғон бўлиб чиқса ҳам, ҳамманинг эътиборини тортади, кўк тревога мавзуси эса (юрак хуружи) эътибордан четда қолади.

      Эътиборга моликлик ҳикояларнинг вақт ўтиши билан қандай ўзгаришига ҳам таъсир қилади. Иллинойс университетидаги психологлар жамоаси жамоавий режа тузиш ва ишлашни ўрганиш учун талабалардан иборат жуфтликларни тадқиқотга жалб қилди. Талабаларга биргаликда овқат тайёрлашлари кераклиги айтилиб, ҳақиқий ошхонага олиб кирилди. Уларнинг олдига овқат тайёрлаш учун зарур масаллиқлар – турли-туман сабзавот ва кўкатлар, янги товуқ гўшти, сувли пушти креветка (майда қисқичбақа) қўйилди.