Название | МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари |
---|---|
Автор произведения | Джеймс А. Робинсон |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-189-4 |
Жанубий кореяликларнинг турмуш даражаси Португалия ва Испаниядаги кўрсаткичлар билан бир хил. Шимолда эса Корея Халқ Демократик Республикаси ёки Шимолий Корея деб аталган ўлканинг турмуш даражаси тропик Aфрикадаги яшаш шароитларига яқин, тўғрироғи, Жанубий Кореядаги ўртача турмуш даражасидан ўн баробар пастроқ. Шимолий Кореяда соғлиқни сақлаш янада ёмонроқ аҳволда. Шимолий кореяликлар жанубдаги қариндошларидан ўртача 10 йил камроқ умр кўради. 7-харита Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги тафовутни жонли тарзда ифодалайди. Тунги вақтда сунъий йўлдошдан олинган тасвирлардан иккала мамлакатнинг ёритилиш даражасини кўришимиз мумкин: Шимолий Корея электр энергияси етишмовчилиги туфайли деярли қоп-қоронғи бўлса, жануб тараф ёриткичлар билан чароғон.
7-харита. Жанубий Кореядаги чароғонлик ва Шимолдаги зулмат.
Бундай кескин фарқлар эскитдан мавжуд эмас. Aслини олганда, бу тафовутлар Иккинчи жаҳон уруши тугашидан аввал йўқ эди. 1945 йилдан кейин шимол ва жанубдаги бир-биридан фарқли икки ҳукумат иқтисодиётни бошқаришнинг мутлақо ўзгача йўлларини жорий қилди. Жанубий Кореяда Ҳарвард ва Принстон университетларида таълим олган, коммунизмнинг ашаддий душмани бўлган Ли Синг Ман бошқарувга келди. Унинг раҳбарлигида AҚШнинг муҳим кўмаги билан мамлакатнинг дастлабки иқтисодий ва сиёсий институтлари шаклланди. Ли Синг Ман 1948 йилда президентликка сайланади. Кореяда уруш рўй бериши ва коммунизмнинг жанубга ҳам тарқалиш хавфи қаршисида қолган Жанубий Кореяда демократия йўқ эди. Ли Синг Ман ҳам, машҳурликда ундан кам бўлмаган давомчиси генерал Пак Чон Ҳи ҳам тарихда авторитар президентлар сифатида ном қолдирди. Aммо уларнинг ҳар иккаласи ҳам хусусий мулк ҳимоя қилинадиган бозор иқтисоди бошқарувида бўлди. 1961 йилдан бошлаб Генерал Пак давлатнинг қудратини жадал иқтисодий ўсиш учун асос бўлган ишга – кредит ва субсидияларни муваффақиятли бизнес юритган фирмаларга йўналтиришга сарфлади.
38-параллелдан шимолдаги вазият эса бўлакча эди. 1947 йилга келиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида япон босқинига қарши коммунист партизанлар ҳаракати раҳбари Ким Ир Сен диктатура ўрнатди. Ким Ир Сен Совет Иттифоқи кўмаги билан “Жуче” мафкурасининг бир қисми бўлган иқтисодий қаттиққўл тартибни – маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодий тизимни жорий қилди. Хусусий мулк ғайриқонуний дея эълон қилиниб, бозорлар тақиқланди. Ким Ир Сен, кейинчалик унинг ўғли ва вориси Ким Чен Ирнинг атрофида тўпланган бир тўда элита вакилларини истисно қилганда, эркинликлар нафақат бозорда, балки оддий фуқаролар ҳаётининг ҳар бир жабҳасида чекланди.
Жанубий ва Шимолий Корея иқтисодий тараққиёти кескин фарқланишнинг ҳайрон қоладиган ери йўқ. Кўп ўтмай, Ким Ир Сеннинг маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодий тизими ва Жуче тартиби фалокат бўлиб чиқди. Юмшоқ қилиб айтганда, ёпиқ мамлакат