Ҳикоя – ҳаёт манзаралари парчалари, ўқиган одамни ўйлантирадиган ва ўз кўнглидаги фикрларини қайта элакдан ўтказадиган кўнгил сувратлари. Бу сувратлар тилда жилоланади, гўзал тил уларга жон беради.
Элимизнинг атоқли ва ардоқли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг кўп жилдли “Танланган асарлари”га халқимизнинг маънавий мулкига айланган энг яхши ҳикоя ва қиссалари, роман ва драмалари, Ватан ва халқ манфаати, Истиқлол ғояларини тараннум этувчи, жонкуярлик, жасорат билан ёзилган публицистик асарлари киритилган. Адиб ижодининг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг қаҳрамонлари китобхон кўз ўнгида тирик одам сифатида жонланади, ўқувчи уларга қўшилиб севади, нафратланади, изтироб чекади ва қувонади. Ёзувчи ўзбек халқининг бағрикенглик, жўмардлик, меҳр-оқибат сингари гўзал фазилатларини табиий, ишонарли тасвирлагани учун ҳам миллионлаб ўқувчилар меҳрини қозонган. Ушбу 1-жилддан ёзувчининг “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол” қиссалари, “Инсон садоқати” драмаси ва бир қанча ҳикоялари ўрин олган.
Учинчи жилдга “Дил фасли”, “Буғдойбўй Ватан”, “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди”, “Онамнинг кулчалари” китобларидан олинган шеърлар, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони, шунингдек насрий оҳанглардаги бадиа ва эсдаликлар киритилди.