Asaxiy books

Все книги издательства Asaxiy books


    Грузия муваффақиятга қандай эришди

    Лариса Буракова

    Коррупцияга қарши қандай курашиш мумкин? Бутун мамлакатни электр ва газ билан узлуксиз таъминлашнинг иложи борми ўзи? Енгил солиқ ставкалари билан давлат бюджетига тушумларни ошириш мумкинми? Одатда, бундай ислоҳотларга ўнлаб йиллар кераклигини, авлодлар янгиланмагунича коррупцияни батамом йўқотиш мушкуллигини кўп таъкидлайдилар. Аммо давлат тўнтариши билан ҳукумат тепасига келган Саакашвили бунинг уддасидан чиқди ва Грузияда жуда қисқа муддатда коррупцияни етарли даражада кескин камайтирди, бюрократия ва ортиқча оворагарчиликларга барҳам берди, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда мамлакат иқтисодининг сезиларли даражада ўсишига замин яратди. Иқтисодчи Лариса Буракованинг “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” номли ушбу китобида мана шу ислоҳотларга батафсил изоҳ берилган. Нашр муаллифнинг икки йиллик кузатувлари маҳсули бўлиб, илк бор рус тилида 2011 йилда нашр қилинган.

    Ибтидо

    Дэн Браун

    "Ибтидо" – америкалик муаллиф Ден Браун қаламига мансуб триллер асар бўлиб, Роберт Ленгдон сериясида «Inferno»дан кейинги бешинчи китоб ҳисобланади. У «Доубледай» нашриёти томонидан 2017-йил нашр этилган. Aсар воқеалари асосан Испанияда, қисман Дубай ва Будапештда юз беради. Ушбу китоб дин ва атеизмга боғлиқ «жиддий ғоялар»ни ёритгани, дин ва илм-фан биргаликда мавжуд бўла оладими деган саволни илгари сургани туфайли «Nyu-York Times»нинг мақтовига сазовор бўлади. 2018-йил Aвгуст ойида асар «Nyu-York Times»нинг энг яхши сотилган китоблар рўйхатидан биринчи ўринни эгаллади ҳамда 23 ҳафта мобайнида рўйхатдан тушмади.

    Қўрқма

    Жавлон Жовлиев

    Роман ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Германияда таҳсил олган ва собиқ Совет Иттифоқи томонидан шафқатсизларча қатл этилган миллат йигит-қизларининг хотирасига бағишланади. Роман воқеаларини қисқача сўзлар билан ифода этиб бўлмайди. Барчаси шу қадар тиғизки, шошириб қўяди. Мажоз, образ, ифода, ўт, ҳеч кимникига ўхшамаган лиризмни ҳис қиласиз. Миллият, соф муҳаббат, кўринмас ва ошкор фожиалар, тарих, бугун ва эртанинг бир-бирига кавшарланган ҳалқаси, ростлик даъвосидаги ёлғонлар, руҳ ва қондаги парадокслар сизни ўтмиш ва келажак куйига асир қилади, ўйлатади, йиғлатади ва аччиқ-аччиқ кулдиради. Ўтган аср бошида Германияда ўқиган талабалар, улар маслаги ва фожиали қисмати бугунги ёшлар мақсади билан бир тарозига тортилади.

    Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси

    Стивен Кови

    Муваффақият тез ва осонликча эришиладиган нарса эмас, у катта меҳнат ва матонатни талаб қилади. Стивен Р. Кови эса кўплаб юксак муваффақият қозонган инсонларнинг хатти-ҳаракатлари ва одатларини ўрганиб чиқиб, умумий принсиплар ва кўникмаларни кашф этган файласуфдир. “Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси” китобида айнан шу жиҳатларнинг асосий еттитаси ҳақида гап боради. Ёқимли мутолаа тилаймиз!

    Менинг ҳаётим

    Генри Форд

    Дунёнинг юзлаб мамлакатларида минглаб марта миллионлаб ададларда нашр этилган бу автобиографик китобни XX асрнинг буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда оқим-конвейер йўлини жорий этган, АҚШ автомобиль саноатининг “отаси”, миллиардер Генри Форд ёзган. Форд ҳаётининг тилсимлари, муваффақиятининг сирлари ҳақида кўплаб асарлар битилган. Бу китоб унинг ўзи ёзган, ёрқин, тимсолли, қатъият ва илҳом билан битилган асардир. Форднинг бу ҳаётномаси тарихий қимматидан ташқари, бугун ҳам ислоҳотлар ўтказаётган ва ўз иши ҳамда ҳаётини ижодий ўзгартиришга чоғлаган иқтисодчилар, инженерлар, конструкторлар, руҳшунослар, социологлар, бизнес ташкилотчилари ва раҳбарлари, ҳаётда муваффақиятга эришаман деган ҳар бир одам учун долзарб асардир.

    Юқумлилик. Маҳсулот ва ғоялар қандай оммалашади

    Йона Бергер

    Ушбу китобда Йона Бергер ижтимоий тарқалувчанлик замиридаги омиллар ҳақидаги илмий янгиликларни ўқувчи билан баҳам кўради. Нима учун биз баъзи мавзулар ҳақида кўпроқ суҳбатлашамиз ва унга доир маълумотларни бошқаларга улашамиз? Нима учун бир мавзу оғиздан-оғзига ўтиб бораверади? Қизиқарли ҳикоялар ва кенг қамровли тадқиқотлар хулосаларига бой “Юқумлилик” китоби ўз маҳсулот ёки ғояси оммалашишини истаган ҳар бир инсон учун муҳим қўлланмадир.

    Рақамли қалъа

    Дэн Браун

    «Рақамли қалъа» романи адибнинг илк романи бўлиб, асар 1998-йилда ёзилган. Асарнинг ёзилишига Ден Браун ҳаётда ўзи гувоҳи бўлган воқеа сабаб бўлади. Ден Браун ўзи дарс берадиган Университетдаги талаба дўстига электрон почта орқали ҳазиллашиб АҚШ президентига суиқасд қилмоқчи эканлигини ёзганлигидан сўнг АҚШ “Миллий хавфсизлик агентлиги“ ходимлари томонидан қўлга олинади. Миллий хавфсизлик агентлиги энг сирли агентликлардан бири бўлиб, унинг вазифаси фуқароларни кузатиб боришдир. Бу вазият уни қизиқтириб қўяди ва у электрон хавфсизлик ҳақида асар ёзишга қарор қилади. Уйига келиб асарни ёза бошлаган пайтда электрон почта орқали вирус келиб, компютерининг қаттиқ диски куйиб қолади. Бундан хавотир олган Ден Браун “Миллий хавфсизлик агентлиги“ ва ундаги довюрак разведкачилар ҳақида шов-шувли китобни чоп этади. Асарда рақамли хавфсизлик, ватан хавфсизлиги йўлида ишлайдиган жасур шахсларнинг ҳаёти, улар учрайдиган хавф масалалари кўтарилган. Ушбу асарда ҳам ватанпарварлик, ҳам эҳтиросли севги, ҳам қизиқарли маълумотлар, ҳам сизни ўз дунёсига саёҳат қилдирадиган ажойиб сюжетни топасиз. Асар воқеалари АҚШ, Испания, Япония каби мамлакатлар ҳудудида ўтиши, воқеаларнинг тез ва кутилмаган ривожи сизни ўзига мафтун қилади. Умид қиламизки, Ден Брауннинг содда ва қизиқарли ўзига хос реалистик услуби ўзбек китобхонларига маъқул келади.

    Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари

    Кэл Ньюпорт

    Электрон почтаю ижтимоий тармоқлар, қўйингки барча алоқа воситалари диққатимиз, эътиборимиз ва вақтимиз ўғрисига айланди. Чалғимай бир иш қилиш оғир бўлиб қолган чалғитувчи дунёда қандай қилиб муваффақият қозониш мумкин? Нима қилсак сарфлаган ҳар бир вақтимиз ўзимизга каттароқ фойда бўлиб қайтади? Нима қилсак ишимизнинг сифати ва унуми ортади? Нега айрим муваффақиятли инсонлар ўзини алоқа воситаларидан узоқ тутишга уринади? Бу каби саволларга Массачусетс технологиялар институти профессори Кэл Ньюпорт ўз тажрибаси ва кузатувлари асосида жавоб беради. Жамланган диққат самарали ишнинг муҳим қуроли, уни бошқариш эса осон эмас. Бу китобни ўқиб, сершовқин дунёда халоват топиш ва айни дамда муваффақият қозонишни ўрганасиз.

    Ёлғонлар шаҳри

    Рамита Наваи

    Тирик қолиш учун ёлғон гапиришга мажбур қиладиган шароитда қандай қилиб ўзлигингизга содиқ қолишингиз мумкин? У шундай шаҳарки, оқсоқоллар фоҳишаларга мижоз, Инқилоб қўриқчилари жиноий гуруҳларга ҳамкор, жарроҳлар қизларнинг бокиралигини тиклайди, хонаки порнографик видеоларнинг бозори чаққон. Шундай бўлса-да, одамлар ўзларининг асил истакларини пинҳон тутишга, жамият ва анъана талабларига мувофиқ яшаётганини кўрсатишга мажбур. Бу шаҳар Теҳрон, Эрон Ислом Республикасининг пойтахти. Бу шаҳарда яшаш учун ёлғон гапириш керак. Бу ерда ёлғон сўзлаш ҳаёт ва мамот масаласидир. Бу шаҳар аҳли диний мажбуриятлар юки ва самимий инсоний истаклар ўртасида саргардон кезади. Ҳатто муқаддас Ислом дини ҳам шиа жамиятини ёлғонлар домидан қутқариб олаолмайди. “Ёлғонлар шаҳри” бугунги Теҳроннинг унутилмас манзарасини чизиб беради. Бу китоб теҳронликлар тузумнинг шафқатсиз босими остида қандай яшаётгани, туйғулари, шодлигу изтиробларини қандай ифодалаётгани, умуман, турфа хил инсонлар тақдири ҳақида ҳикоя қилади. “Ёлғонлар шаҳри” китоби 2012 йили Британия Қироллик адабиёт жамиятининг “Жервуд” мукофоти билан тақдирланган.

    Жавдарзордаги халоскор

    Дж. Д. Сэлинджер

    Жером Сэлинжернинг “Жавдарзордаги халоскор” романи 1945—1946 йилларда серияли шаклда қисман нашр қилинган, 1951 йили алоҳида китоб бўлиб чиққан. Асар кўплаб тилларга ўгирилган. Шу кунгача 65 миллион нусхада сотилган. 2005 йил “Time” журнали асарни 1923 йилдан бошлаб инглиз тилида ёзилган 100 та энг яхши романлар рўйхатига киритган. “Modern Library” нашриёти эса романни XX асрнинг 100 та энг сара асарлари қаторидан жой олишга лойиқ топган. 2003 йил Би-би-сининг “The Big Read” (“Энг кўп ўқилган”) сўровномасида у 15-ўринни эгаллаган. Асарда бепарда сўзлар кўп учрагани боис, бир қанча мамлакатларда, жумладан, АҚШ мактабларида ҳам кейинчалик танқидга учраган ва узоқ йиллар нашр этилиши тақиқланган. “Жавдарзордаги халоскор” кўп бора цензурага учраган бўлишига қарамай, АҚШ мактабларида энг кўп ўқитилган асарлар рўйхатида 2-ўринда туради (1-ўринни Жон Стейнбекнинг “Сичқонлар ва одамлар ҳақида” новелласи эгаллаган). Асарнинг бош қаҳрамони Ҳолден Колфилд ўсмирларнинг саркашлиги, исёни тимсолига айланишга улгурган. Роман, шунингдек, маъсумлик, асллик, ўзлик, йўқотиш, дахлдорлик, интим ва тушкунлик каби мураккаб масалаларга ҳам тегиб ўтади. Жером Дэвид Сэлинжер 1919 йил 1 январда Нью-Йоркда туғилган ва 2010 йил 27 январда Нью-Ҳэмпшир штати Корниш шаҳрида вафот этган. Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилингунга қадар “Story” ва “The New Yorker” журналларида бир неча ҳикоялари чоп этилган. Аммо 1951 йил босиб чиққан “Жавдарзордаги халоскор” романи уни машҳур қилди. Нашрдан чиққач 2 ой муддатда оммалашиб кетган романда 16 ёшли ўсмир йигитнинг ўй-хаёллари, атрофидагиларнинг мунофиқлиги ва сохталикларидан безорлиги, ҳаётга бўлган очиқ муносабати ёритилган. Муаллифнинг ўзи 1953 йилги интервьюсида романни қисман автобиографик деб атаган.