Дур (ёки инжу) – денгиз моллюскаларининг мантия терисида шарсимон ёки нотўғри шаклда пайдо бўладиган ва ҳар хил ранглари билан жилоланиб турадиган концентрик тузилишдаги марварид қатламидир. Шу маънода, теран океанлар қаърида вужудга келадиган бу бебаҳо неъматнинг инсон онгу тафаккури замирида етиладиган қуйма ҳикматларга қиёсланиши бежиз эмас. Зеро, ҳар иккиси ҳам, бири – табиатнинг, иккинчиси – жамиятнинг биз учун инжа эҳсонларидир.Ҳикматли сўзлар – бу яхши таҳрир қилинган роман, дейдилар. Неча юз йиллардан буён одамзодни ҳайратга солиб келаётган мухтасар ва мукаммал, оқил ва одил ҳикматлар, қайроқи фикрлар инсон ақлини чархлаши, ундаги фикрлашни янада аниқлаштириши ва онг-тафаккурни янада тиниқлаштириши ўз исботини топган ҳақиқатдир. Ҳаётда изланишни ўзига шиор қилган замондошларимиз учун XIII асрдан XX асргача бўлган даврда Ғарбу Шарқ мамлакатларида яшаб ижод қилган забардаст адибларнинг ҳикматлари манзур ва фойдали бўлади, деб ўйлаймиз.Тўпламнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган биринчи жилдида жаҳон адабиётининг йирик намояндалари бўлмиш 22 нафар Ғарб адибининг ҳикматли сўзлари жамланган. Тўплам барча ҳикмат излаганлар учун мўлжалланган.