Название | Япон зобити |
---|---|
Автор произведения | Леонид Чигрин |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-224-2 |
Абрам Гоц Лев Троцкийни худодек кўрар, унга ҳар томонлама тақлид қилар, ҳатто ташқи кўринишини ҳам унга ўхшатгиси келарди. Унинг малларанг сочи худди Троцкийникидек калталанган, мўйлов ва соқоли ҳам шундай, кибр билан боқувчи кўзлари устига қўндирилган пенснеси ҳам унга тақлидан эди. Гоц баланд овозда гапирар, ҳеч қандай эътирозларни эшитгиси келмас, умуман олганда, у ўзини гўё чекка бир ўлкага тушиб қолган-у, бу ерларда инқилобий ишлар тамойилларини бошидан тушунтиришга тўғри келаётгандек кўрсатарди.
Савелий Парфёнов жароҳатдан сўнг энди ўзига келаётганди. У ҳассага суяниб зўрға юрар, поморлар кенгашида чамаси бирор соатлар бўлар, қолган пайт уйда ётарди. Комиссия раиси Архангельскка келишининг илк кунлариданоқ бошқарув жиловини ўз қўлига олганини шундан ҳам тушунса бўларди. У ҳамма ишга аралашар, поморларга ақл ўргатар, ижирғаниб лабларини буриштирганча ўзига юқори даражадаги қулайликлар ва иззату икром талаб қиларди.
Парфёновга комиссия раисининг бундай хулқ-атвори ёқмади, лекин марказдан юборилгани учун Поморьеда у билан муроса қилишларига тўғри келади. Алоҳида тушунмовчиликлар юзага келганича йўқ эди. Комиссия вайрон қилинган хўжаликларни тиклаш режасини маъқуллаб, кенгаш аъзоларини тасдиқлади, марказ Поморьега нималар билан ва қандай кўмаклаша олиши мумкинлигини чамалаб кўрди, бироқ кўпроқ ўз кучларига таянишлари кераклигини таъкидлади. Хуллас, гап ҳаракатчан отряд тузиш масаласига келиб тўхтади.
– Командир сифатида Ютаро Тодани тавсия қиламиз, – деди Савелий Парфёнов, қийналиб нафас оларкан.
Абрам Гоц унга синовчан назар билан тикилди.
– Ютаро Тода, – секин такрорлади у гўё бу сўзлар қандай жаранглашини текширмоқчидек, – нима, у маҳаллий шимоллик халқларингизданми?
Парфёнов “йўқ” дегандек бош чайқади.
– Йўқ, бу япон офицери, поручик.
Комиссия раисининг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб олайиб кетди.
– Япон офицери? У қаердан келиб қолди?
– Асирга тушган. Ақлли йигит. Аввал бизга қуролсоз уста сифатида ёрдам берди, кейин ўзимга маслаҳатчи қилиб олдим. Биз билан бирга жанг қилди, қарашларимиз бир хил.
Гоц Парфёновга кўз узмай тикилиб қолди. Унинг юзида ҳайрат ва ҳаддан ташқари ғазаб пайдо бўлди.
– Ақлдан озганмисизлар?! – унинг овози бўғилганидан хириллаб чиқди. – Сизларнинг синфий ҳушёрлигингиз қаерда қолди? Қизил армия сафида подшо офицерларидан ҳам анчагинаси бор эди. Улар совет ҳокимиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришди.
5
СР қисқартмасидан, ушбу сиёсий партиялар: Социалист-инқилобчилар партияси, Россия империяси ва Россия Республикасининг сиёсий партияси, Сўл социалист-инқилобчилар партияси, Социалистинқилобчилар-максималистлар партияси аъзолари номлари.