Название | Ҳаёт қайиғи (2 китоб) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-896-8 |
Баҳодир акам билан бир хонада ётардик. 4 май куни эди шекилли, ҳали кўзга уйқу илинмай, ер бир титраб олди. Мен биринчи зилзилада ҳам ташқарига қочиб чиқмаган эдим. Енгилгина силкиниш таъсир қилармиди? Баҳодир акам менга қараб, жойларидан жилмадилар. Шунда аяжоним кирдилар, остонада туриб: “Ер қимирлади, билмадиларингми?” дейишлари билан замин қаттиқ силкинди. Аяжоним тисланишга ҳам улгурмадилар. Мен шошиб бошимни кўтардим, қарасам, аяжоним қўрқувдан титраб турибдилар. Баҳодир акам эса ҳовлидалар. Сониянинг ўндан бир қисмидами, билмадим, қанчалик тез фурсатда Баҳодир акамнинг ирғиб турганларини, аяжонимнинг ёнларидан сакраб ўтиб, айвонга, ундан ҳовлига тушганларини сезмай ҳам қолдим.
Ботир акам ҳовли ўртасидаги ёғоч супа атрофини ўраб, оилалари учун чайла ясаб олдилар. Дадажоним, аяжоним, Баҳодир акам темир сўрида ётадиган бўлишди. Уйда ўзим қолдим. “Чиқмайсанми?” дедилар аяжоним. “Исмоилхўжадан қолган тиллаларни кимдир уйда қўриқлаб ётиши керак-ку”, деб ҳазиллашдим. Кейинги йиллардаги зилзилаларда ҳам бу “қаҳрамонлигимни” такрорладим. Айниқса Газли зилзиласи эсда қоларли бўлди. Ўшанда Чоржўй шаҳрида яшовчи ёзувчи Ўктем Эмин (Ҳозир Туркманистон халқ ёзувчиси) хонадонида меҳмон эдим. Кечки пайт ер силкинди. Ўктем оға барча оила аъзоларини бошлаб учинчи қаватдаги уйини шошқич равишда тарк этди. Мен жойимда ётавердим. Қўрқув сал аригач, оғажон меҳмонлари борлигини эслаб, у ён-бу ён қарасаларки, мен йўқман. Юқорига чиқишга қўрқиб, пастдан: “Тоҳир, ҳой Тоҳиржон!” деб чақира бошладилар. Деразадан пастга қарасам, ҳовли одамларга тўла. Бундан тўрт йил муқаддам қиш чоғи Амударё тошиб Чоржўй шаҳри вайрон бўлганда тошкентликлар шу даҳадаги тўрт қаватли уйларни қуриб берган эдилар.
– Ҳа, Ўктем оға, нима қилиб юрибсизлар? – дедим худди зилзиладан хабари йўқ одамдай хотиржам овозда.
– Тез тушинг, – дедилар мезбон хавотирларини яширмай, – ер қимирлаяпти.
– Тошкентликлар уйни мустаҳкам қурганлар, бунақа тебраниш “чепуха”, – дедим.
Мен уларни ваҳима тўридан қутқариш учун атай ҳазиллашаётган эдим. Гапларим мутлақо таъсир этмади. Қўшнилари мени телбага чиқаришган бўлишлари ҳам мумкин.
Эрталаб уйғониб қарасам, уй ҳали ҳам бўм-бўш. Ҳовлидагилар бири унда, бири бунда мункайиб ўтирганча мудраяпти. Ўктем оғани чақирдим.
– Меҳмон хор бўлдими, нонушта бермайсизми? – дедим.
– Ошхонага киринг, ҳамма нарса бор. Чойни ўзингиз дамлаб ичинг.
– Мен туркман эмасман, уй эгаси чой қуйиб узатмаса, чой ичмайман.
Хоразмда, туркман қариндошлар юртида меҳмон бўлганлар билишади. Улар ҳар бир меҳмонга бир чойнак чой, пиёла қўйишади. Водийдагига ўхшаб, чойни икки қултумдан қуйиб узатишмайди, “олинг-олинг” деб лутф ҳам қилишмайди. Дастурхонни неъматларга тўлдириб ташлашади. Истасангиз енг, истамасангиз йўқ. Очиғини айтсам, менга шу одат маъқул. “Олинг-олинг” баъзан одамни чарчатиб юборади. Бир устозни шогирдлари