Название | СЎЗ |
---|---|
Автор произведения | Одил Ёқубов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-623-0 |
ЖАҲОНИЙ ЭЪТИРОФГА САЗОВОР АДИБ
ХХ аср жаҳон адабиётининг забардаст вакилларидан бири, ўзбек насри ва публицистикасининг дарғаларидан бўлган, 1926 йилнинг октябрида туғилиб, 2009 йилнинг декабрида дунёдан кўз юмган Одил Ёқубовни 83 йиллик узоқ умри давомида неча авлод ижодкорлар ўз қаторларида содда, камсуқум, оддийгина, жўн бир алпозда кўравериб, жаҳоний миқёсдаги ижодий қувватини, истеъдод миқёсини, чўнг маҳоратини кўпда ҳис этавермаганлар, назаран гўё сезмаганлар ёки балки эътироф этишга не бир ички куч монелик қилгандек. Мана энди, адиб вафотидан орада бир неча сана ўтиб, бу қоянинг не қадар улуғворлиги, адабий мартабаси борган сари яққолроқ билиняпти, ҳис этиляпти. Адиб асарларини ўқиганинг сари юқоридаги таърифларга тасдиқ чиқаверади. Эл-юрт учун, унинг қалб жароҳатлари учун малҳам исташ, жонфидолик шунчалик бўлар эканда, деб ўйлаб қоласан.
Москванинг баланд минбарларидан туриб ўзбек халқи шаънига бўҳтон ёғдираётган касларга қаратиб дадил, ҳақ сўзни айтиш, ўз юртининг ор-номуси, ғурури учун ҳеч нарсадан тап тортмай, фикрий муҳорабаларга кириш маънавий жасоратнинг айни кўринишлари эди. Ваҳоланки, Одил Ёқубов ўша суронли йилларгача бўлган ижодининг миқёс ва даражоти «Муқаддас», «Қанот жуфт бўлади», «Биллур қандиллар» қиссалари, «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё» романлари каби бадиий юксак асарлари шавкату шукуҳи билан тинчгина умргузаронлик қилавериши ҳам мумкин эди. Йўқ, шоир айтмоқчи, «бўронларда бордек ҳаловат» – у ўз умрининг сўнгги йилларигача уйғоқ виждон, юрагида қўр билан яшади. Тинимсиз ишлади, ижод қилди. Балки айни шу сифати ва фазилатлари туфайлидан яратилган асарлари, турли битиклари ва ирод этган нутқлари боис адиб жаҳон миқёсига менгзагулик мазмун ва шараф топди. Ҳа, ҳеч бир андиша, истиҳоласиз Одил Ёқубов ҳақида жаҳон адабиётининг намояндаси, ўзбек адабиётининг классиги дея таъриф бериб, сўз бошлашга бугун тўла асос бор.
Вақт ўтган сари адибнинг миллий маданиятимиз ва адабиётимиз равнақига қўшган ҳиссасининг миқёси ҳамда аҳамияти яққолроқ бўлиб бормоқда. Ёзувчи вафотидан кейин ҳаётлигида сўнгги нуқтасини қўйиб улгурган асарлари, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировнинг ўзаро ёзишмалари матбуотда ва айримлари алоҳида китоблар ҳолида нашр этилди. Мазкур нашрлар улкан ижодкор ҳаёти ва ижод йўлларини теранроқ билиш, унинг табиатига хос хусусиятларни англаш, ижодий лабораториясига кириш ва умуман шахсиятини чуқурроқ ҳис қилиш учун ниҳоятда муҳим манбалар. Уларни варақлаган сари жаҳон миқёсларига менгзаётганимиз таърифлар аниқлик ва қатъийлик кашф эта боради. Агар Одил Ёқубов асарлари куллиёти тайёрланса (бунга эҳтиёж бор, албатта), миллатнинг маънавий хазинасига яна бир бебаҳо бойлик қўшилиши, авлодларга безавол мерос қолиши шубҳасиз. Фақат бу йўлда собитлик, эътиқод талаб этилади. Ана шундай эътиқод натижаси ўлароқ қўлимиздаги мазкур китоб ҳам дунё юзини кўрди. Адибнинг фарзанди, таниқли иқтисодчи олим Искандар Ёқубов падарининг адабиёт ва санъат ҳақидаги турли йилларда ва турли матбуот нашрларида чоп этилган мақолалари, публицистик чиқишларини бир тўплам остида жамлаб, «Сўз» номи билан нашрга тайёрлади.
Китобга кирган мақолалар Одил Ёқубовнинг журналист ва адиб сифатидаги ҳамда жамоат ва давлат арбоби мавқеидаги қарийб олтмиш йиллик умрининг маҳсули бўлиб, улар энг аввало адабиёт, сўнгра санъат ва умуммаданият ҳамда ижтимоий масалалар билан боғлиқдир. Агар ўзига хос тасниф шаклига келтирсак, бу мақолаларни жаҳон адабиёти, ўзбек адабиёти, ўзбек маданияти ва санъати, ижтимоий ҳаёт каби йўналишларга бўлиш мумкин бўлар эди.
Адиб жаҳон адабиёти ҳақида фикр юритар экан, унинг дунёқараши ва қамров доирасининг нақадар кенг эканлиги ўқувчида ҳавас уйғотади. Мақолалар қаҳрамонлари Абдураҳмон Жомийдан тортиб Пушкингача, Жамбул бободан Чингиз Айтматовгача – дунё адабиётининг юксак чўққилари ҳаёти ва ижодига бағишланган фикрлар, мушоҳадалар.
Ўзбек адбиёти йўналиши эса Муҳаммад Ризо Огаҳийдан бошлаб Элбегу Усмон Носиргача, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Мақсуд Шайхзодалардан бошланиб, то адибнинг ўзига яқин катта-кичик замондош бўлган Саид Аҳмадлар авлодидан то Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовгача, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султоновдан то Назар Эшонқулгача – ўнлаб забардаст адибу шоирларнинг ҳаёти ва ижодига оид ё у, ё бу саналар билан боғлиқ ҳолда ёзилган мақолалар.
Маданият ва санъат йўналишидаги очерклар, мақолаларнинг асосини Ҳалима Носирова ва бошқа санъат арбоблари, Миллий (ўша пайтлардаги Ҳамза номидаги) академик театр ҳаёти, муаммоларига доир фикрлар ташкил этади.
Ёзувчининг жамоат арбоби сифатидаги ёниқ қалби, эҳтиросли сўзи СССР Халқ депутатлари съездига тайёрланган нутқлари, «Қачон одам бўламиз?», «Ёв қочганда ботир кўпаяр» каби ўткир публицистик мақолалари ва чиқишлари мисолида ўз ифодасини топган. Мазкур мақолаларни ўқиган ўқувчи учун, айниқса, ҳозирги ёш ўқувчилар учун уларда кўтарилган масалалар бир оз тушунарсиз туюлиши эҳтимол. Сабаби, улардаги воқелик орадан ўн йилликлар ўтиб аҳамиятини йўқотгандек туюлар. Сабаби, бугун тамомила бошқа бир муҳит ва шароитда яшаётганимиз, ёшлар эса ўша даврлар ғуборли ҳавосидан «баҳраманд» бўлмаганлари учун шундай туюлар. Аммо тарихнинг ҳамиша сабоқланиш майдони эканини, келажак учун барометр вазифасини