Самимиятга ва рамзларга бой илк шеърлари биланоқ адабий жамоатчилик эътиборини тортган шоира Хуршида (Ваҳобжон қизи) нинг «Сиғмагай жисмим жаҳонга», «Алдамчи тонглар», «Изҳор», «Тажалли» каби шеърий тўпламлари китобхонларга етиб борган.Нозиктаъб шоиранинг ушбу сайланма китобига киритилган туркум шеърлари ва достонида инсон руҳиятининг ўта нозик, кўз илғамас, ақлан идроки мураккаб олис манзиллари бадиий чизгиларда акс этади.Ҳаётнинг пасту баландликлари, синов ва машаққатларини сабр-матонат билан енгиш, меҳнатсеварлик ва бағрикенглик, саховат ва кечиримлик каби фазилатлар инсонни албатта нурафшонликка етказишини, дунёни тутиб тургувчи куч эзгулик эканлигини, салбий хислатлар ортида эса чигал қисмат юз кўрсатишини шоира ўз шеърларида таъкидлайди. Хуршиданинг ижодида Шарқ мумтоз шеъриятига хос бадиий санъатларнинг замонавий шеъриятдаги образлилик ва ғоявий етуклик билан уйғунлашувини кузатиш мумкин. Вақт силсиласи ҳукмидан ҳоли умуминсоний — азалий ва абадий мавзуларнинг устуворлиги эса шоира шеърларининг моҳиятини ташкил этади.Ўйлаймизки, Хуршиданинг қалб гавҳари — «Самойинур» дилларга мунавварлик бағишлайди, ёш авлодлар қалбида чин инсоний туйғулар шаклланишига хизмат қилади.
Шеърият инсонлар қалбига ҳис-ҳаяжон, умид ва илинж солувчи сеҳрли, сирли оламдир. Ижодкорнинг ўзлиги, туйғу- кечинмалари, борлиқ билан тинимсиз кураши натижасида ана шундай завол билмас асарлар яралади.Туйғулар куйчиси Хуршида Ваҳобжон қизининг шеърлари кўнгилга яқинлиги билан ажралиб туради. Шоиранинг янги шеърлари, ғазаллари, мухаммаслари ва достони жамланган ушбу китоб ўқувчилар қалбидан муносиб жой олишига ишонамиз.
Хуршиданинг республика матбуотида эълон этилган илк шеърлариёқ тезда оғизга тушган, кўпчилик шеърият ихлосмандларининг эътиборини тортган эди. Истеъдодли шоиранинг мўъжаз тўпламида унинг энг сара шеърларини жамлашга ҳаракат қилдик. Уларда муҳаббатга ташна аёл қалбининг энг нозик, энг пинҳон кечинмалари қаламга олинади. Хуршиданинг дил тубидан чиқаётган туйғулари Сиз азиз ўқувчининг-да кўнгил торингизга тегиб ўтишига, унутилмас таассуротлар қолдиришига умид қиламиз.
Хуршида сўз масъулиятини ҳис этган, сўз ва амал бирлигини шеърларида тўлалигича ифодалашга интилган шоира. Ўтган аждодлар ёди, тарихий шахсларга эҳтиром туйғулари, юксак инсоний ҳислар қадри, Ватан ва онанинг фарзандлар учун тимсолга айланганлигини ҳар лаҳза идрок этиб яшаш мажбурияти каби боқий мавзулар ҳақидаги шеърлар, айниқса, Андижон воқеаларига оид изтироб билан битилган сатрлари, ўйлаймизки, ўқувчиларни лоқайд қолдирмайди Муаллиф фикрлари, беихтиёр, шеърхонларни ҳам мушоҳадага, ўйга даъват этади…
Хуршиданинг шеърлари ҳақида бирон-бир шарҳ, изоҳ ёки мақтовнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир шеъри ўзи учун жавоб беради, шоира қалбига тинчлик бермаётган ҳис-туйғулардан, дунё ташвишлари-ю севги изтиробларидан ўқувчиларни огоҳ этади.