Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Маъсума” романи тарихимизнинг “жадидлик” деб аталган энг мураккаб даври, ватанпарвар ота-боболаримизнинг юрт озодлиги ва халқ ҳуррияти йўлидаги фидойилиги, мамлакат равнақи йўлида амалга оширган ибратли ишлари ҳамда биринчи ўзбек актрисаси Маъсума Қориеванинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу асарни юртимиз тарихидаги қора кунларнинг замонавий талқини, миллий театримизнинг бадиий тарихи деб атаса бўлади. Асарга Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган. Тўпламдан ёзувчининг кейинги йилларда ёзилган ҳикоялари ҳам ўрин олган.
«Ҳазрат Алишер Навоий – наинки ўрта асрда яшаб ўтган бир мутафаккир, аксинча, у ҳар бир давр учун замон кишиси. У бизнинг донишманд замондошимиздир. Улуғ бобомиз асарларини неча юз йиллар давомида тушуниб ўқиган ва бугун ҳам англаб ўқиётган инсонлар ўз юракларини оғритиб қийнаётган саволларга, ўз замонасига оид барча маънавий ва руҳий муаммоларга жавоб топа олади. Шу маънода, ҳаётда ҳидоят қидирган одам уни ҳазрат Навоийдан сўраса, шак-шубҳасиз, топқусидир. Бани башар то ҳазрат Навоийга ошно экан, карвони адашмас. Инсонлар бу беназир зотнинг завол билмас сўзларига қулоқ тутар экан, бу карвон хавфу хатардан холидир. «Алишер Навоий» – аввало, Яратган Парвардигор ва унинг ижоди бўлмиш инсон зотига, инсон даҳосига улкан муҳаббат, чексиз ихлос, завқу шавқ билан дунёга келган асар, десак янглишмаган бўламиз».