Инсон жасорати ва матонатининг маҳсули бўлмиш «Скафандр ва капалак» аввало, чўнг бир изтироб, сўнгра худди шундай умидга йўғрилгани билан эътиборни тортади. Француз драматурги Жан-Доминик Бобининг ушбу асарини варақлаб, илк сатрларига кўз югуртирарканмиз, айни кучга тўлган, ҳаёт ва ижодда муваффақият қозониб келаётган 44 ёшли драматургнинг кутилмаганда инсультга чалиниб, тўшакка михланиб қолиши, аммо тақдирнинг аянчли синови олдида таслим бўлмай соғлом мия ва ягона кўз ёрдамида ҳаёт учун курашишга бел боғлагани, нигоҳлари билан логопед кўмагида дунё билан мулоқотга киришиши вужудимизни титратади.
Буюк олмон шоири Гётенинг «Фауст» трагедияси жаҳон адабиётининг шоҳ асарларидан бири ҳисобланади. Бу асар Гётенинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самарасидир. Адибнинг айнан ушбу ва бошқа барча асарларини ҳам динлараро, маданиятлараро, миллатлараро бағрикенглик, Шарқ ва Ғарб цивилизацияси, умуминсоният мақсадларининг уйғунлаштирилган намунаси, дейиш мумкин.
Буюк ёзувчи Стефан Свейг ушбу романида ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Австриядаги ижтимоий ҳаёт, Биринчи жаҳон урушидан кейинги қийинчиликлар бош қаҳрамон – Кристина ҳаёти мисолида тасвирлайди. Ёш, навқирон, аммо камбағал Кристина ёшлик завқини ҳам тотмаган. Чунки бўлиб ўтган уруш бутун бир авлоднинг ёшлигини, қувончу шодлигини ўғирлаганди. Адиб асарда қуйи қатлам одамларининг тўлақонли ҳаёт кечириш учун қанчалар машаққатга дуч келишини, пульсизлик туфайли ўзларини камситилгандек ҳис қилиб, бундан чуқур тушкунликка, ҳатто депрессияга тушиб қолишларини кўрсатади. Шундай қийин вазиятда кун кечираётган Кристинанинг ҳаётида ногоҳ ўзи каби ночор Фердинанд исмли йигит пайдо бўлади. Дунёқараши, фикрлашлари ўзаро ўхшаш бу икки ёш ўртасида ёвузликка қарши исён кўтаргандек куртак очган боқий туйғу – муҳаббат уларни бахтга эмас, аксинча, янада улкан синовларга дучор қилади. Аммо севгининг чексиз қудрати, инсонлар бу йўлда ҳар қандай оғир синовларга ҳам тайёр бўлиши асарда ўзгача, Свейгга хос маҳорат билан тасвирланган.